Қоракўл: чанг-тўзон, қум барханлари остидан «омон чиққан» туман
Олис чўл ҳудудида жойлашган Қоракўл тумани Бухоро шаҳар марказидан қарийб 80 километр узоқ масофада жойлашган. 2020 йилда Бухорода содир бўлган табиий офат – кучли шамол Қоракўл ва Олот туманларида оғир оқибатларни келтириб чиқарган эди. Минглаб дарахтлар илдизи билан қўпорилган, автомобиллар зарар кўрган, одамлар жабрланган, электр энергияси, сув таъминоти ишдан чиққан эди.
«Чанг-тўзон, қум барханлари остида қолган, минглаб хонадон ва идора- ташкилотлар бинолари шифтлари кўчиб, иншоотлари ағдарилиб кетган, боғу-роғ, томорқаю иссиқхоналари яксон бўлган Қоракўл тумани учун кучли шамол талофатлари катта синов бўлганди. Қоракўлликларнинг тантилиги билан бу оғриқли машаққатлар биргаликда енгиб чиқилди. Бугун Қоракўл тумани гарчи олис чўл ҳудудида жойлашган бўлса-да, бетакрор қиёфа касб этмоқда. Қурилиш-бунёдкорлик, инвестиция лойиҳалари, маҳаллалар қиёфасини янгилаш, янги иш ўринлари яратиш, таълим, тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар, замонавий шаҳарсозлик ишлари, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларидаги жадаллашувлар бари Қоракўл аҳлининг шашти-шижоати билан бунёд бўлмоқда», – дейди Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган пресс-турда.
2020 йилнинг кучли шамоли талофатидан сўнг бунёд бўлган «Янги Ўзбекистон» массивида 12 та 240 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли тураржой мажмуасига оилалар кўчириб келинган. 330 ўринга мўлжалланган мактаб, шунингдек, 240 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, давлат-хусусий шерикчилиги асосида яна 120 ўринли замонавий болалар боғчаси ва 100 қатнов ўрнига мўлжалланган оилавий поликлиника бинолари қайта бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган.
Қайта тикланган жомеъ масжиди
Билдирилишича, 2020 йилги кучли тўфонда тумандаги Қобул ота жомеъ масжиди ҳам катта зарар кўриб, тамоман яроқсиз ҳолга келган. Бу эса Қоракўл халқини қаттиқ қайғуга солган. Ва аҳоли кучли шамолдан талафот кўрган манзиллардаги қайта бунёдкорлик ишларини илк бор ушбу жомеъ масжидни тиклашдан бошлашган.
«Миллий услубдаги иккки минора ва гумбазли қилиб барпо этилган Қобул ота жомеъ масжидини тиклаш ишлари 2020 йилнинг май ойидан бошланиб, қарийб икки йил давом этди. Умумий майдони аввалгидан тўрт баробар катталашди. Масжиднинг ички қисми 5000, ташқи ҳовлиси эса 1000 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади. Замонавий услубда қурилган таҳоратхонадан бир вақтнинг ўзида 100 дан ортиқ киши фойдаланиш имконияти мавжуд», – деди туман бош имом хатиби Мирзо Шомуродов.
Масжид баландлиги 27 метрни ташкил этувчи гумбаз ва 37 метрлик иккита катта минора миноралардан иборат.
400 гектар майдонда газ-кимё комплекси
Президентнинг 2021 йил 13 августдаги «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасини ҳамда замонавий газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Қоракўл ва Олот туманлари чўл ҳудудининг умумий 400 гектар ер майдонида газ-кимё соҳасига ихтисослашган эркин иқтисодий зона барпо этилган. Унда 2,7 миллиард АҚШ долларига тенг метанолдан олефин олиш технологияси асосида газ-кимё комплексини қуриш ва газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳага «Gaz cheminal complex MTO central Asia» МЧЖ етакчилик қилмоқда.
«Бунда 2,1 миллиард метр куб газни қайта ишланади. Шунингдек, ушбу технология 1,1 млн тонна полимер маҳсулотлари, яъни 300минг тонна Полиэтилен терефталат, 350 мингтонна Полипропилен, 280мингтонна юқори зичликдаги полиэтилен, 80мингтонна паст зичликдаги полиэтилен ҳамда 100мингтонна этиленвиниласетат каби юқори ликвидли хом ашёлар ўзлаштирилади. Лойиҳа қуввати 3,0 млрд доллар бўлиб, шундан 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар орқали амаога оширилади»,-деди лойиҳа раҳбари Масрур Шакиров.
Билдирилишича, айни пайтда 2000 дан ортиқ ишчи жалб этилган. Ишчилар учун замонавий ётоқхона мавжуд. Уч маҳал бепул овқатланиш имкони яратилган.
«Йиллик экспорт ҳажми 261 миллион долларни ташкил қилиб, 20 фоизи экспортга йўналтирилади. Барча объектларда қурилиш ишлари якунлангач, иш ҳажми кенгаяди. Мазкур лойиҳанинг аҳамияти шундаки, қайд этилган хом ашёлар ёрдамида 60 турдан ортиқ янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконияти ҳам пайдо бўлади. Лойиҳа тўла қувватда ишлай бошласа, ўн мингдан ортиқ ишчи кучи талаб этилади», – сўзида давом этди Масрур Шакиров.
Маълум бўлишича, лойиҳа доирасида айни пайтда Россия Федерациясининг «Энтер Инжиниринг» компанияси билан ҳам ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Йирик қувватга эга технологик қурилмалар ҳамда катта сиғимли юк автомобиллари ишга туширилган. Шунингдек, Ўрта Осиёда илк бор Қоракўл туманига Хитойда ишлаб чиқарилган ва бир пайтнинг ўзида 380 тонна кўтармага эга юк крани келтирилган.
IT университет...
Маълумки, Қоракўл тумани ўзининг математика фанига ихтисослашган таълим тизими билан Халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор. Туманда Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири Ачаря университети филиалининг очилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамай, мазкур хорижий таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ёшлар сафи кенгайган. Талабалар сунъий интеллект, маълумотлар фани, киберхавфсизлик, бизнес таҳлил ва бошқа йўналишлар бўйича таҳсил олмоқда.
«Бунда асосий эътибор ахборот коммуникация технологиялари соҳасини ўргатишга қаратилган. Ёшларимизнинг Халқаро IT таълимга эга бўлиш учун чет эл ёки пойтахтга бориб ўтириш шарт эмас. Халқаро IT университет энди Бухоронинг ўзида бор. Педагогларнинг 70 фоизи хориждан, аниқроғи, Ҳиндистоннинг ўзидан келиб таълим беради. Маҳаллий ўқитувчилар эса Ҳиндистонда малака оширишади. Ҳозирги вақтда 150 нафар ўқувчи таълим олади», – деди туман ҳокими.
Айни пайтда туман IT соҳасига мўлжалланган 220 ўринли мактаб, шунингдек, спорт мажмуаси, ўқув маркази, меҳмонхона ва яшил боғлар ҳам барпо этиш ишлари ҳам бошлаб юборилган.
«Яна бир карра тан олиб айтиш керак, Қоракўл аҳли 2020 йилдан ҳозирга қадар жуда синовли йўлларни сабр-бардош билан босиб ўтди. Сув таъминоти, газ ва электр таъминотидаги узилиш ва йўқотишларга елкама-елка туришди. Шу сабр ва тантиликлари ўлароқ, 2025 йилгача қоракўлликлар дардли нуқтага айланиб қолган кучли шамол талофатлари оғриқларини батамом унутишади. Таълим, ишлаб чиқариш, бунёдкорлик, айниқса, пахта, хом ашё, тўқимачилик ва газ саноатидаги ривожланиш, сунъий интеллект ва IT соҳасидаги юксалишлар қоракўлликларни бойитади. Олис чўл ҳудудидаги туман, нафақат, бунёдкорлик, саноат ва қурилиш, таълим соҳасидаги юксалишларга, балки катта туризм ўчоғи сифатида ҳам қайд этилади. Бу йўлда қоракўлликлар билан бир тану бир жонмиз»,-деди Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter