Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Робахон Маҳмудова: докторантурага илмий мақола ёзиш бўйича курсларни киритиш керак

Робахон Маҳмудова: докторантурага илмий мақола ёзиш бўйича курсларни киритиш керак

Ўзбекистон Президентлигига “Адолат” СДПдан номзод Робахон Махмудова наманганлик сайловчилар билан учрашувда сайловолди дастурида илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга доир ташаббуслар ҳам илгари мурилаётганини таъкидлади.

– Биз илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.

Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўрамиз. Биз нафақат олимларни, балки ихтиро ва ихтирочиларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шарт-шароитлар яратамиз, – дейди Робахон Маҳмудова.

Номзод, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чоралари кўрилишини таъкидлади.

Президентликка номзод ўз сайловолди дастуридан илмий тадқиқотлар ва улардан олинган ижобий хулосаларни ҳаётга татбиқ қилишга ҳам урғу берган.

Жумладан, учрашувда илм-фан соҳасида юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш учун докторантурани ислоҳ қилиш, докторантурада илмий тадқиқот методлари, илмий мақола ёзиш бўйича курсларни киритиш ҳамда диссертация ҳимоя қилишда нуфузли илмий базаларда илмий тадқиқотлар натижаларини чоп этиш талабини жорий қилиш масаласи ҳам ўрин олганлиги айтиб ўтилди.

– Мамлакатимизда илмий тадқиқотлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гидрология ва сув муаммолари, энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали давлатнинг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаймиз, – дея таъкидлайди Робахон Маҳмудова.

Партиядан кўрсатилган номзод, шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини давлат гранти асосида ОТМда ўқитишни таклиф қиляпти.  

– Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъий назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини кенгайтириш лозим деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз, – дейди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг