Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия паспортига эга марказий осиёликлар ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун жиноий жавобгарликка тортилмоқда

Россия паспортига эга марказий осиёликлар ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун жиноий жавобгарликка тортилмоқда

Россия тергов қўмитасининг Москва шаҳар бўлими Марказий Осиё давлатларида туғилган, аввалроқ РФ фуқаролигини олган шахсларга нисбатан ҳарбий хизматдан бўйин товлаш бўйича 22 та жиноят иши қўзғатган, 80 дан ортиқ киши эса мамлакат қуролли кучлари сафига ҳарбий хизматга жўнатилган. Бу ҳақда идоранинг телеграм-каналида маълум қилинди.

«Москвадаги ҳарбий комиссариатлар билан биргаликда ҳарбий хизматдан бўйин товлаётган шахсларни аниқлаш мақсадида чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатлари ўрганилмоқда. Мазкур иш доирасида ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товловчиларнинг Россия Федерацияси фуқаролигини олиши қонунийлиги текширилади», дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, Россия паспортини олган шахс «ҳарбий ва муқобил давлат хизматидан бўйин товлаган бўлса», фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин.

Жиноят ишлари доирасида қанча эркак қўлга олингани, қанчаси қидирувга берилгани очиқланмаган. Шунингдек, расмий хабарда ҳарбий хизматдан бўйин товлашда айбланаётган шахслар туғилган давлатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилмайди.

Британия разведкаси сентябр ойида Россия камида 2023 йилнинг май ойидан бери Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларни фаол равишда урушга ёллаётгани ҳақида хабар берганди. Ҳукумат шу йўл билан 2024 йилги президентлик сайловлари олдидан оммавий сафарбарликдан қочишга ҳаракат қилаётгани айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг