Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санъаткорларга уй сотиб олишда субсидия ажратиш тартиби белгиланяпти

Санъаткорларга уй сотиб олишда субсидия ажратиш тартиби белгиланяпти

Маданият ва санъат ходимларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир 2022 йил 2 февралдаги ПҚ–112-сон қарори қабул қилинган эди. Унга асосан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ушбу ҳудудда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ белгиланган уй-жой ҳисобланган қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилиши белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамаси уй-жой сотиб олиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини эълон қилди.

Белгиланишича, ҳар йили маҳаллий бюджетдан шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган кўп қаватли уйлардан бирламчи ва иккиламчи бозорда квартиралар сотиб олишда ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш мақсадида ажратиладиган субсидиялар тегишли молия йили учун тасдиқланган параметрлар доирасида амалга оширилади.

Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ушбу ҳудудда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 192,5 млн сўмдан ҳамда Тошкент шаҳри учун 245 млн сўмдан юқори бўлмаган миқдорда бир марталик субсидия берилади.

Cубсидия тақдим этиш тўғрисидаги тавсиянома олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради.

Субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам инобатга олинади.

Якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун эса ипотека кредитлари Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудлар учун ажратилади.

Сотиб олинадиган квартиранинг нархи хабарномада кўрсатилган уй-жойнинг юқори қийматидан ошиб кетган тақдирда, қолган қисми қарз олувчи томонидан шакллантириладиган бошланғич бадал суммасини ошириш орқали қопланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат хали лойиҳа бўлиб, Ҳукумат қабул қилганидан ва расмий эълон қилинганидан сўнг расман кучга киради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг