Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайловлар жараёнларида оммавий ахборот воситалари иштироки

Сайловлар жараёнларида оммавий ахборот воситалари иштироки

Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокининг асосий шаклидир.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида сайловларни очиқ ва шаффофлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Сайлов кодексининг 3-моддасида Ўзбекистонда сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилиши белгиланган.

Шуни қайд этиш керакки, Сайлов кодексининг 35-моддасига биноан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади. Хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда малга оширилади.

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган “Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланганидек, оммавий ахборот воситалари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилингандан кейин белгиланган кундан бошлаб, сайловга камида ўн кун қолгунига қадар барча бўғиндаги сайлов комиссияларига ўз вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилиши мумкин. Бунда сайлов жараёнини мамлакат миқёсида ёритувчи оммавий ахборот воситалари Марказий сайлов комиссиясига, вилоят миқёсида фаолият юритувчи матбуот воситалари вилоят сайлов комиссияларига, туман ва шаҳар доирасида ишловчи оммавий ахборот воситалари туман ёки шаҳар сайлов комиссияларига мурожаат қилишлари мумкин.

Аккредитациядан ўтказиш учун ёзилган аризалар тегишли оммавий ахборот воситаси раҳбари томнидан имзоланган ва унга сайловни ёритиш билан шуғулланадиган журналист (ёки ОАВ ходими) ҳақидаги тегишли ҳужжатлар (шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, фотосурати, маҳаллий ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси) илова қилинади. Аккредитациядан ўтказилган ОАВ вакилларига белгиланган шаклдаги гувоҳномалар берилади.

Мазкур Низомда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказишни рад этиш учун асос ҳисобланадиган ҳолатлар ҳам аниқ белгиланган бўлиб, тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган, нотўғри маълумотлар тақдим этилган, белгиланган муддатларга риоя этилмаган ҳолатлар шундай сабаблар сирасига киради.

Таъкидлаш керакки, оммавий ахборот воситалари вакили амалдаги қонунчилик, хусусан, Сайлов кодекси, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун талабларини бузган ҳолларда унинг аккредитацияси Марказий сайлов комиссияси қарори билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Демократик сайловларни эркин оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. оммавий ахборот воситалари демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказишда муҳим восита бўлиб, сайловчиларнинг фаоллигига жиддий таъсир кўрсатади. Сайлов жараёнининг барча тадбирлари оммавий ахборот воситалари нигоҳида бўлиши унинг очиқ ва ошкора, эркин ва адолатли ўтказилишига, жамоатчилик назоратини таъминланишига хизмат қилади.

Амалдаги сайлов қонунчилиги ва сайловларни ўтказиш билан боғлиқ амалиёт таҳлили мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг бу муҳим жараёнларда эркин иштирок этиши, сайловларни очқилигини таъминлаш учун етарли ҳуқуқий ва ташкилий имкониятлар яратилганини кўрсатади. Масалан, бундан олдинги президент сайлови жараёнларини 197 та маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг бир ярим мингга яқин вакили ва 140 дан ортиқ нуфузли хорижий оммавий ахборот воситасининг 233 нафар журналисти ёритиб борган. Сайлов кампанияси давомида хорижий ва миллий нашрларда 76 мингтадан зиёд материаллар эълон қилинган.

Маълумки, Оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясидаги иштирокининг муҳим жиҳатларидан бири сайловолди ташвиқоти босқичида намоён бўлади. Сайловолди ташвиқоти оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Сайлов кодексининг 46-моддасида белгиланганидек, ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Мазкур қоида сайловга оид халқаро мезонларга тўлиқ мос келади. Масалан, Венеция комиссияси томонидан қабул қилинган Сайловларга нисбатан раҳбарий принципларда барча партия ва номзодларга тенг имкониятлар кафолатланган бўлиши таъкидланган бўлиб, бу эса оммавий ахборот воситаларида, хусусан, давлатга тегишли оммавий ахборот воситаларида партия ва номзодларни ёритишга холис муносабатда бўлишни назарда тутади.

Сайловлар ҳар қандай давлат ва жамият учун муҳим сиёсий жараён бўлиб, шу кунларда қизғин тайёргарлик кўрилаётган Президент сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти, халқимиз келажаги учун улкан аҳамиятга эга бўлган мазкур сиёсий тадбирни миллий қонунчилик талаблари ва халқаро ҳуқуқ мезонлари талабларига мос ўтказиш, сайлов кампаниясининг барча босқичлари очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш юртимизда демократик тамойилларнинг мустаҳкамланиши, фуқаролик жамиятини янада ривожланишига хизмат қилади. 

Анвар ЭМИНОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг