Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди
Амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, мавжуд имкониятларни биргаликда баҳолаш ва ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш учун МДҲ каби платформани ишга солиш муҳимлиги қайд этилди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчиси Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Ташкилот маконида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан тегишли шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ташқи савдо, инвестицион лойиҳалар, энергетика ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида илғор технологияларни жорий этиш ва кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Глобал иқлим исиши оқибатларига қарши курашиш борасида эса бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Келгуси йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган БМТ шафелигидаги Халқаро иқлим форуми доирасида МДҲ маконидаги экологик хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.
Гуманитар соҳа ҳақида сўз юритилар экан, 2024 йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган Самарқанд шаҳрида МДҲ маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, келгуси йилда МДҲнинг ёшлар пойтахти мақомини олган Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан футбол мусобақаси бўлиб ўтади.
Нутқнинг сўнгида Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Президентини 2024 йилда Ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади.
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter