Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони энергетика вазирини қабул қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган навбатдан ташқари араб-ислом саммити доирасида Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилди.
Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва «яшил» энергетика соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон энергетика соҳасини тўғридан-тўғри инвестициялар ва илғор технологиялар асосида модернизация қилишда фаол иштирок этаётган етакчи «ACWA Power» компанияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.
Мамлакатимиз ҳудудларида шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, шунингдек, «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва корхоналар энергия самарадорлигини ошириш жараёнларига Саудия Арабистони компаниялари ва маслаҳатчиларини жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter