Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди – Шавкат Мирзиёев

ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди – Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи эълон қилинди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон нуқтаи назари бўйича ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

«Жумладан, биринчидан, глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизлигимизни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда.

Шу боис, ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича биз илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш.

Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси ўтган йил якунлари бўйича 20 фоиз, жорий йил бошидан буён эса яна 15 фоизга ўсди.

ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкин.

Бундан ташқари, трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этамиз.

Учинчидан, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш.

Энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳим.

Тўртинчидан, «Шарқ–Ғарб» ва «Шимол–Жануб» йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини беради.

Алоҳида таъкидлаб айтаман: транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир.

Шунингдек, логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатларимиз чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этишни таклиф қиламиз.

Бешинчидан, ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш.

Биз Ўзбекистонда «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастурни қабул қилдик. Йилига икки гигаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга туширмоқдамиз. Саноат даражасида «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошланди.

Қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Олтинчидан, жадаллаштирилган рақамли трансформация.

Бизнинг фикримизча, рақамли иқтисодиётга ўтиш, «сунъий интеллект»ни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу борада билимлар, тажриба ва энг яхши амалиётлар алмашуви, IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида «ШҲТ келажак технологиялари» дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.

Еттинчидан,  ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Ишончим комилки, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлади.

Саккизинчидан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларимизнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган «ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи» қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», – дейди Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг