Сирдарёда руҳий носоғлом аёлни масхара қилганлар ишидан ҳайдалди
Бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда «Сирдарёда руҳий носоғлом аёл масхара қилинди» сарлавҳали видео тасвир тарқалган эди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш учун Сирдарё тумани ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар «Мурувват» интернат уйида бўлди.
Аниқланишича, ушбу видеолавҳа 2024 йилнинг 26 апрел куни тахминан соат 17:30дан 18:00лар атрофида интернат уйи ошхонасида «Innovation-Outsorsing-Service» МЧЖ ишчилари О.Ш. ва М.Х.лар томонидан тасвирга олинган. Улар муассаса ҳудудида эркин сайр қилиб юрган С.Я. ни шифокор, ҳамшира ва кичик тиббий ходимлар (энага) рухсатисиз ошхона биносига олиб кириб, руҳий ҳолатини била туриб мазах қилишган. Мазкур олинган видеолавҳа ошхонада ишловчи ходимларнинг Телеграм гуруҳига ташланган.
Маълум бўлишича, бемор С.Я. да ақли заифликнинг оғир даражаси сабабли хулқ атвор бузилиши билан кечувчи руҳий ҳолат тез-тез кузатилиб туради (яъни доимий равишда яқин қариндошларини эслаб уйимга жўнатинг ёки чақириб беринг деб йиғлаш ҳолатлари юзага келади).
2024 йил 17 май куни мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБга мурожаат қилиниб, аутсорсинг ходимлари О.Ш. ва М.Х.ларнинг хатти-ҳаракатига «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунинг 3 ва 4-моддалари юзасидан қонуний чора кўришлик бўйича мурожаат қилинган.
Шу тариқа О.Ш. ва М.Х.ларга нисбатан МЖтКнинг 202-2-моддаси 1-қисмига мувофиқ, энг кам иш хаққининг 10 баробари миқдорида жарима тўлаш жазоси белгиланган. Шунингдек, аутсорсинг хизматини кўрсатиб келувчи фирма билан тузилган шартномани бекор қилиш учун фирма раҳбарига огоҳлантириш хати чиқарилган.
Шундан сўнг О.Ш. ва М.Х.лар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва улар вазифасидан озод қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter