Сирдарёда тарихий ёдгорликнинг бир қисми ҳожатхона ва ҳаммом учун бузилган – Бош прокуратура
Прокуратура органлари ҳамда Маданий мерос агентлиги ходимлари ҳудудларда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган назорат тадбирлари ўтказиб келмоқда.
Ўтказилган текширишларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, бир қатор археология ёдгорликларини йўқотилиши олди олинди.
Хусусан, Қашқадарёда «Кофиртепа-2» (VII – ХIII асрга оид) ёдгорлигининг 2,4 м.кв, «Бештерактепа»нинг (IХ – ХII) 6 м.кв ҳамда “Хонтепа”нинг (ХI – ХIII) 189 м.кв қисми уй-жой учун бузилгани аниқланган.
Шунингдек:
- Жиззахда «Томошотепа-2» (IV – V) ёдгорлигининг 14 м.кв қисми ҳожатхона ҳамда «Қоратепа»нинг (V – VI) 30 м.кв қисми иссиқхона;
- Сирдарёда «Ҳашартепа» (IХ – ХII) ёдгорлигининг 6,4 м.кв қисми ҳожатхона ва ҳаммом;
- Навоийда «Ғазғонтепа» ёдгорлигининг 16 м.кв қисми мобил компания антеннаси, «Нонвойлартепа-2»нинг 5,3 м.кв, «Калтепа»нинг (V – VIII) 23 м.кв ҳамда «Ясилтепа»нинг (III – ХI) 20 м.кв қисми хўжалик иншоотлари;
- Тошкент вилоятида «Номсизтепа-1» ёдгорлигининг 15 м.кв қисми ҳожатхона, «Номсизтепа-2»нинг 1,92 м.кв қисми иссиқхона қуриш учун қисман бузилган.
Маълум қилинишича, юқоридаги жами 12 та ёдгорликка 8,3 млрд. сўмлик зарар етказилгани аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, назорат тадбирлари давом эттириляпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter