Сурхондарёда болалар ўтирган аттракционнинг троси узилиб кетди
Жорий йилнинг 16 апрел куни Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг маъмурий биноси олдида жойлашган истироҳат боғида аттракционнинг троси узилиб кетди. Бахтсиз ҳодисада 2 нафар бола ва 2 нафар аёл жабрланган.
Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, жумладан, Термиз шаҳридаги мазкур истроҳат боғи «Termiz avenue park» МЧЖга қарашли бўлгани, ўша куни боғдаги «Қувноқ тепалик» аттракционида 4 кишилик ўриндиғи синиб жойидан ерга қулаб тушиш натижасида 4 нафар фуқаро турли хил тан жароҳатлари олишганини билдирди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 18 апрелда рўйхатга олинган амалдаги «Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари»га асосан ушбу боғдаги мазкур аттракцион мавсум олдидан тўлиқ техник шаҳодат синовларидан ўтказилмаган (қоиданинг 4-боб, 28-банди). Аттракционларнинг соз ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган шахс ҳам тайинланмаган (қоиданинг 4-боб, 31-банди). Шунингдек, аттракционни мавсумга тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома тузилмаган (қоиданинг 4-боб, 34-банди).
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг билдиришича, ҳодисада жабрланганлар – 11 ва 15 ёшли қизлар ҳамда 27 ва 29 ёшли аёллар бўлган.
Улардан 2 нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган. Жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Термиз шаҳри ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter