Темир йўл соҳасини хусусийлаштиришга доир ҳужжат муҳокамаси бўлиб ўтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кечаги мажлисида темир йўл транспорти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан соғлом рақобат муҳитини яратиш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш, темир йўл транспортини монополиядан чиқариш мақсадида ташувчи ва вагонлар, (контейнерлар) оператори ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада темир йўл транспортида йўловчи ташиш соҳасини янада ривожлантириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш ҳамда йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантириш мақсадида темир йўлда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилмоқда.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни йўловчи поездларда юриш имкониятини яратиш мақсадида темир йўл транспортида йўловчиларнинг имтиёзли юриши, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда.
Шу билан бирга, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси обектлари давлат тасарруфида қолдирилмоқда. Вокзаллар ва вагонлар эса давлат-хусусий шериклик шартномалари асосида қуриш, модернизация қилиш ва бошқариш учун хусусий шерикка берилиши белгиланяпти.
Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши темир йўл транспортини тартибга солиш ва бошқариш тузилмасини такомиллаштиришга, соҳада рақобат муҳитини яратишга, фуқароларнинг темир йўл транспортида ҳаракатланишида сифат даражасини ошириш, нархни тушириш, йўловчи ва юкларни хавфсиз ташишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси кейинги ялпи мажлисда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter