Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тез ёрдам» машиналари содир этган қоидабузарликлар бўйича «иш»ларни тугатиш тартиби соддалаштирилади

«Тез ёрдам» машиналари содир этган қоидабузарликлар бўйича «иш»ларни тугатиш тартиби соддалаштирилади

Бугун, 16 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.  Шунингдек, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолат муайян қисқа муддат давомида қарор қабул қилинмаган тақдирда, ҳуқуқий оқибатини келтириб чиқармаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга (яъни ҳуқуқбузарга эмас) 48 соат ичида юборилмаган бўлса ишни кўриб чиқиш тугатилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Мажлисда  қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг