Тошкентда таълимга доир халқаро конференция бўлиб ўтди
Бугун, 5 июль куни Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
«Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирдан Янги Ўзбекистонда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбия ҳамда илм-фаннинг ўрни ва ролини муҳокама қилиш, таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга татбиқ этиш, кенг жамоатчиликни мамлакатда таълим, илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш масалалари мақсад қилинган.
Бугунги мулоқот тадбирларида республикада олиб борилаётган мактабгача ва мактаб таълимига доир ислоҳотлар мазмуни ва сўнгги йиллардаги соҳадаги кенг ўзгаришлар таҳлилига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова эса нутқ сўзлар экан, мамлакатда қабул қилинган «Таълим — 2030» концепцияси ҳақида тўхталди.
«2030 йилга қадар таълим тизимида қандай ишлар амалга оширилиши хусусида «Таълим — 2030» концепциясида аниқ белгилаб олинган. Ушбу концепция доирасида ҳозирга қадар соҳада кўплаб натижалар қайд этилди.
Мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мамлакатда муҳим масала сифатида белгиланиб, охирги 5 йилда болалар қамрови 27 фоиздан 72 фоизга етди. 2030 йилга бу кўрсаткич 100 фоизга чиқарилади.
Охирги 5 йил давомида 261 та янги мактаб қурилиши, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди»,– дейди вазир.
Ҳилола Умарова, шунингдек, ушбу йиғинда иштирок этаётганлардан эришилган натижалар ва ютуқлар бўйича таклиф ва тавсияларини сўради.
«Ўзбекистон бугун тарих чорраҳасида, таълим ривожида янги марраларни забт этишга интилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати халқнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлиги учун сифатли таълим муҳимлигини англаган ҳолда, таълим соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Бироқ, бу ислоҳотлар халқаро ташкилотларнинг мустаҳкам ҳамкорлик ва кўмагини талаб қилади ва биз бу ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз», – дейди ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
Таълим бўйича халқаро эксперт, 2023–2026 йилларда Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳи аъзоси Метю Голди-Скотт эса ҳорзирги Ўзбекистон таълимнинг юқори даражасига эришиш учун ислоҳот ва ўзгаришларни амалга оширишда бардавом эканини қайд этди.
«Ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этиш, ўқув дастурларини янгилаш, сифатли ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва илғор технологияларни қўллаш сифатли таълимнинг ажралмас таркибий қисмидир.
Ўзбекистон аллақачон таълим ва илм-фан соҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Бироқ таълимнинг қулайлигини ошириш, ўқитиш сифатини ошириш ва барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришимиз керак», – дейди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter