Тошкентда хорижга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни АҚШ ва Японияга ишга жўнатишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро Ж.А. АҚШда яшовчи қариндоши Б.Р. билан тил бириктириб, фуқаролар З.С. ва Д.С.ни Мексика ва Европа орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. У визаларни расмийлаштириш эвазига 22 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Бектемир тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Н. фуқаролар М.А. ва Х.Т.ни Японияга ишга жўнатишни ваъда қилиб, улардан 2 000 доллар олган вақтида қўлга тушган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter