Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркманистондан бир кунда 21,6 млн кВт/соат электр импорт қилинди

Туркманистондан бир кунда 21,6 млн кВт/соат электр импорт қилинди

Кеча, 18 феврал куни Республикадаги барча электр станциялар орқали жами 231,4 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 40,3 млн кубометр табиий газ, 26,3 минг тонна кўмир ҳамда 10,7 минг тонна мазут ёқилди.

Энергетика вазирлиги расмийсига кўра, бундан ташқари Туркманистондан 21,6 млн кВт/соат электр энергияси ҳам импорт қилинган.

«Шунга қарамай, кеча электр энергияси етказиб бериш бўйича дефицит 6,4 млн кВт•соатни ташкил этиб, мамлакатимиз бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди», – дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Ҳ.Тошхўжаев.

Қайд этилишича, кеча истеъмолчиларга жами 225,6 млн кВт/соат электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 151,6 млн кубометрни ташкил қилди.

Шунингдек, мамлакатдаги 133 та метан заправка орқали ижтимоий соҳа – тиббиёт муассасалари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 700 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.

Вазирлик расмийси газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатдаги барча «метан заправка»лар фаолияти вақтинчалик тўхтатилганини ва бу чеклов бугун ҳам давом этишини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг