Урганчдаги халқаро аэропорт вақтинча ёпиляпти
Урганч халқаро аэропорти жорий йил 20 июлдан 7 августгача (ўша куни ҳам) вақтинча фаолиятини тўхтатди. Бунга учиш-қўниш йўлагида олиб бориладиган капитал таъмирлаш ишлари сабаб бўлган.
«Учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Хусусан, узунлиги 3000 м ва эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади», – дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.
Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган.
Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади. Йўловчилар эса Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter