Устоз жабри – ота меҳридан афзал
«Ким бўлмоқчисан?»
«Ҳали билмайман... »
«Лекин шеърларингни ўқиб, кичик хабарчаларингни ўқиб сен журналист бўлишинг керак деб ўйлайман».
«Журналист ким у?»
«Мана шунақа ҳикоячалар, шеърлар ёзадиган одам».
Мен унда ёш қизалоқ эдим. Инглиз тили ўқитувчиси амакимнинг ўғли сабаб мен мана шу касбни танладим. Мендай чекка бир қишлоқда яшаган қизнинг ҳаётини маълум маънода ўзгартира олган инсон ҳам ўқитувчи эди. Ҳаётингизни бир лаҳзада ўзгартирган ўқитувчингизни эслайсизми?
Ижтимоий тармоқларда Халқ таълими вазирлиги тез-тез лойиҳалар уюштириб туради. Ўша лойиҳалар орқали қанчадан-қанча ўқувчилар ўз устозларини эслайди, қанчадан-қанча ўқитувчилар касбининг фахрли эканлигини айтгиси келади, ёзгиси келади.
«Нима учун ўқитувчилик касбини танладим», деган саволга хивалик ўқитувчи Гуласал Атамуратова шундай жавоб беради: «Мен устозликнинг машаққатини ҳам, тотлилигини ҳам билиб туриб танлаганман. Ўрта асрларда устоз ва шогирдлик анъаналарининг қатъий тартиб қоидалари бўлган. Яъни талабаликнинг дастлабки даврида устоз талабада мавжуд ғурурни синдиришга ҳаракат қилган. Шогирддаги мағрурлик иллатини бартараф этмоқ мақсадида устоз энг паст, кишилар ҳазар қиладиган ишларни бажаришни ҳам буюрган. Жумладан, улуғ мутафаккир Жалолиддин Румий устозлари ила масжид ва мадраса ҳожатхоналарини поклашган. Абу Райҳон Беруний кутубхонадаги китоблардан фойдаланмоқ учун масжид ҳовлисини ҳар куни супириб-сидирган.
Бу хил алломалар устозлар томонидан буюрилган ишни бажармасликлари мумкин эмас эди. Чунки, устознинг амри — ҳақ. Айнан шу хил риёзат чекилгани туфайли ғурури синган, худбинлик уруғи қуриган ва оқибатда нафсий иллатлардан фориғ бўлиб, комилликка интилувчи инсон бўлган. Юзаки қараганда, муршид шогирдига жабр қилгандек туюлади. Лекин бу «жабр» муридни тарбиялаш ва чиниқтириш учун жуда зарур экан. Шу сабаб «Ота меҳридан устоз жабри афзал» деган пурмаъно нақл яратилган.
«Бобом менинг биринчи устозим! 2000 йил Тожикистон Республикасида 3 ой ўқиганман. Тақдир тақазоси билан, шу йили Ўзбекистон Республикасига кўчиб келганмиз, – дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Камол Қодир ўғли. – Бобом Тожикистондаги мактабда 35 йил физика фанидан дарс берганлар. Кўчиб келганимизда нафақада эдилар. Лотин алифбосини ўргатиш учун, бобом Ўзбекистонга келганлар. Қисқа вақт ичида алифбони ўрганишим керак эди. Aлифбони ўрганишим учун 15 кун шуғулланганмиз. Шу вақт ичида менга алифбони ўргатганлар.
Бобом жуда қаттиққўл ўқитувчи бўлган. Aлифбони ўргатиш жараёнида набирам деб аяб ўтирмаганлар. Йиғлаб-йиғлаб ўрганганман.
Бобомнинг хотираси жуда кучли эди. Бизникига келганларида ўтган сафар қайси санада ва қайси кунда келганини аниқ айтиб берардилар. Талаба бўлишимга ҳам аслида бобомнинг қаттиққўллиги, талабчанлиги сабаб бўлган.
«Менинг биринчи устозим (бобожоним) Қоракўл мактабининг асосчиси Тўхтамурод Жумаев, – дейди Мадина Тўхтамуродова. – Ўқитувчи бўлишимга сабабчи инсон! Ёшлигимдан «ўқитувчилик касби жуда шарафли ва машаққатли касб, масъулиятли бўлишинг керак, ўқувчиларинг бу сенинг фарзандларинг, сен уларга нафақат билим берибгина қолмай, меҳр, ўзига бўлган ишончини орттиришинг керак», деб айтар эдилар. Бобожоним қаҳратон қишда ҳам, саратон ёзда ҳам ўқувчилари учун тинимсиз меҳнат қилганлар, уйқусидан, тўйу томошалардан кечиб, «Халқни боласи менинг болам, улкан ютуқларга эришиши керак», деб тинимсиз ҳаракат қилар эдилар ва бу ютуққа эришдилар.
Агар эсласаларингиз хорижнинг бир киноси бор. Мусиқа асбобини – барабан чалишни ўрганишни истайдиган йигитчага устози тинимсиз машқ қилдириш оқибатида бармоқлари лат ейди. Лекин охир оқбат йигитча ўзи истагандек барабанчи бўлади. Қаттиққўл устознинг бу саъй-ҳаракатини кўпчилик ёқламаслиги мумкин. Аммо устознинг қаттиққўллиги, талабчанлиги баъзан инсоннинг ҳаётини батамом ўзгартириши мумкин.
2009 йиллари «Оила ва жамият» таҳририятига машҳур операчи, санъаткор Женисбек Пиязов ташриф буюрганди. Бу унинг журналистларга дастлабки интервью бериши эди. Шунда Женисбек устознинг қандай қаттиқўл эканлигини, соатлаб мусиқа чалишга «маҳкумлигини» токи ўша мусиқа меъёрига етмагунча хонадан чиқишга рухсат йўқлигини айтиб берганди...
Ўқишга ҳужжатларимни топширганимда мақолаларим йўқлиги сабаб ҳужжат топширолмай қайтгандим. Мақоламни чиқариш учун туман газетасига борганимда мени – ёш қизни фаррошликка олишди. Эрталаб ҳеч ким йўғида чангларни артиб чиққач кечгача таҳририятда ўралашиб юрардим. Ким қаёққа мақола ёзишга кетса эргашардим, корректорга ёрдам берардим, машинкада ёзиш ишларига кўмаклашардим. Ўшанда раҳматли устозим Ҳайдар ака шундай деганди: «журналист мақола ёзиш учун ҳар қандай касб эгасига яқин бўлиши керак, икки ой фаррошлик қиласан, кейин корректурага ўтасан»...
«Ота меҳридан устоз жабри афзал»...
Бугун устозларининг ана шундай талабчанлиги билан юксак чўққиларга чиққан ўқувчилар ҳар соҳада фаолият юритмоқда. Ҳаётларини ўзгартирган ўша лаҳзалар, ўша устозлар эса барибир шогирд қалбида меҳрибон ва қалби иссиқлигича қолаверади.
Устозимнинг ўша «жабр»и менинг ҳаёт йўлимни белгилаб бергани эса алоҳида мавзу...
Барно СУЛТОНОВА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter