Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вагонлардаги кондиционерлар аномал иссиқ сабаб ишламай қолган – «Ўзбекистон темир йўллари»

Вагонлардаги кондиционерлар аномал иссиқ сабаб ишламай қолган – «Ўзбекистон темир йўллари»

Ижтимоий тармоқларда бир неча нафар санъаткорларнинг жорий йил 12 июл куни «Хива — Андижон» йўналишида ҳаракатлангани ва йўл давомида вагонда совутиш тизими ишламагани айтилган видеотасвир тарқалди.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, санъаткорлар чиққан вагонда техник носозлик аниқланганива йўловчилар вақтинча бошқа вагонга ўтказилгани ҳақида маълум қилди.

Бироқ, мазкур ҳолат ижтимоий фаол фуқаролар томонидан олдин ҳам кузатилгани ва бир неча бор мурожаатлар қилингани сабаб темир йўл компаниясининг расмий муносабати акс таъсир кўрсатиб, кескин муҳокамаларни бошлаб берди.

Жумладан, аввалдан ишламаган совутиш тизими билан ҳаракатланган вагонлар учун йўловчиларга алдаб чипта сотилгани айтилди.

Компания, ҳолат юзасидан қўшимча қилиб, «тарқалаётган хабарлар ҳар хил тушунмовчиликларни келтириб чиқаргани»ни айтади.

Шунингдек, «вагонга ўрнатилган совутиш тизими, техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати 40 даража иссиқдан юқорилаб кетганда, тизимнинг совутиш самарадорлигининг йўқолишини, ҳозирда мамлакат бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг  совутиш тизимларида носозликлар кузатилаётгани»ни тушунтиради.

Бироқ, метеоролог мутахассис Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, Ўзбекистонда аномал иссиқ йил бошидан бери кузатилмади, шу билан бирга, Ўзгидромет ҳам бу борада аҳолини огоҳлантиргани йўқ (Ҳукуматнинг 2021 йил 6 августдаги 501-сонли қарорига кўра, аҳоли бу ҳақда огоҳлантирилиши керак).

Ўз навбатида, ушбу масалага Рақобат қўмитаси эътибор қаратиб, бу ҳолатларни ўрганиш ва аниқлик киритиш бўйича «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖга тегишли тартибда сўров юборганини, ҳозирда Қўмита томонидан бу каби ҳолатлар юзасидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг