Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўловчи мурожаати ортидан «Uzbekistan Airways»га чора кўрилди

Йўловчи мурожаати ортидан «Uzbekistan Airways»га чора кўрилди

Рақобат қўмитаси Анқара-Тошкент рейси билан учган Туркия фуқароси ҳамда «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ўртасида келиб чиққан можаро ортидан йўловчи фойдасига қарор қабул қилди.

Аниқланишича, Туркия фуқароси Қўмитага мурожаат қилиб, авиакомпаниянинг Анқара-Тошкент рейсида йўловчининг соғлиги учун муҳим бўлган махсус (глютенсиз) овқат етказиб бермаганлигини билдирган.

Бундан ташқари, мурожаатда самолёт салонининг санитария-гигиена ҳолати талабга жавоб бермагани – йўловчи ўтирган жойда олдинги рейсдан қолган чиқиндилар мавжудлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Йўловчи чипта сотиб олиш чоғида ўз соғлиғи билан боғлиқ вазиятни олдиндан авиакомпания билан келишиб олган ва авиакомпания ушбу махсус овқат рейсда таъминланишини кафолатлаган эди. Бироқ, парвоз куни бу талаб бажарилмаган.

Қўмита томонидан «Uzbekistan Airways» АЖ авиакомпаниясига юборилган сўров бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижасида йўловчи ҳақ эканлиги, махсус овқатни Анқара аэропортидаги кейтеринг хизмати томонидан етказиб берилмаганлиги тасдиқланди.

Натижада, йўловчига етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаш мақсадида авиакомпания томонидан истеъмолчининг кейинги рейсида хизмат кўрсатиш классини бизнес-классга ошириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди ва манфаати ҳимоя қилиниши таъминланди.

Шу билан бирга, самолёт салонидаги санитария-гигиена ҳолати бўйича ҳам масъул ташкилотга қўшимча назорат чоралари ўрнатилиши белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг