Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

8-9 ноябрь кунлари пойтахт марказида юк ташувчи машиналарнинг ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади

8-9 ноябрь кунлари пойтахт марказида юк ташувчи машиналарнинг ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади

8 ва 9 ноябрь кунлари Тошкентда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти”нинг 16-саммити ўтказилади. Шу сабабли пойтахтга юк ташувчи транспорт воситаларининг кириши қисман чекланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

“Ҳурматли юртдошлар, саммит доирасида белгиланадиган вақтинчалик чекловлар сабабли Водийдан Воҳага ҳамда Воҳадан Водийга ҳаракатланиш 4П-12 автомагистрал йўли орқали амалга оширилишини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, саммит ўтказиладиган кунлари юк ташувчи транспорт воситаларининг пойтахт марказида ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитини юқори савияда ўтказиш мақсадида 8 ноябрдан 10 ноябргача Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида ҳаракатланиш чекланади. Жумладан:

  1. Ислом Каримов номидаги аеропорт майдонидан Бобур кўчаси бўйлаб Бобур – Шота Руставели чорраҳасигача;
  2. Нукус – Бобур чорраҳасидан Нукус кўчаси бўйлаб Мовароуннаҳр кўчасигача;
  3. Ойбек – Туркистон чорраҳасидан Ойбек, Афросиёб ва Олмазор кўчалари;
  4. Ислом Каримов – Бунёдкор чорраҳасидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб Амир Темур – Ислом Каримов чорраҳасигача;
  5. Шароф Рашидов - Афросиёб чорраҳасидан Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа айланма йўлигача;
  6. Навоий – Мустақиллик чорраҳасидан Навоий – Лабзак чорраҳасигача;
  7. Фурқат – Бешёғоч чорраҳасидан Бешёғоч кўчаси бўйлаб Ислом Каримов – Бешёғоч чорраҳасигача;
  8. Олмазор – Ислом Каримов чорраҳасидан Олмазор кўчаси бўйлаб Навоий кўчасигача.
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

“Ҳурматли ҳайдовчилар, шу кунлардан йўлларда тирбандликларни олдини олиш мақсадида айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қиламиз”, дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳаракатланиш чекланган кўчаларда Тез-тиббий ёрдам, фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилишини эслатган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг