Бир томчи кимёвий идиш ювиш воситасининг катта зарари ёхуд йил давомида қанча гель «ейишимиз» ҳақида
Бугун ҳар бир аёл ошхонасини замонавий идиш ювиш воситаларсиз тасаввур қила олмайди. Бир-икки томчи кимёвий восита ҳар қандай ёғли идишни топ-тоза қилади – тез, осон ва қулай. Аёллар идиш ювиш воситаларини сотиб олишда кўпроқ рекламага эътибор қаратадилар. Ҳозир маҳсулотни харид қилиш учун унинг нафақат нархи, балки қадоғи, фирмаси ҳамда ҳиди муҳим. Аммо унинг қай даражада соғлиққа таъсир қилиши ҳақида камдан кам аёллар ўйлаб кўришади. Хўш, ҳар бир ОАВ, айниқса телевидение орқали реклама қилинаётган идиш ювиш воситалари ҳақиқатдан ҳам соғлиғимиз учун зарарлими?
«Кўпчилик идиш ювиш воситалари билан ювилган идиш-товоқни камида етмиш маротаба чайқаш зарурлигини билишмайди, – дейди Ишмамат Тоғаев, Ўзбекистон Республикаси Экологик ҳаракатининг Навоий вилояти бўлими раҳбари. –Аксарият ҳолатда восита таркибидаги зарарли кимёвий моддалар идиш юзасида қолиб, овқат билан инсон организмига тушади ва бир қанча оғир касалликларни келтириб чиқаради. Идишларни ювишга мўлжалланган воситалар кимёгарлар тилида юзанинг фаол моддалари (ЮФМ) деб аталиб, улар катионли (КЮФМ), анионли (АЮФМ), амфотерли (АмфЮФМ), неионогенли (НЮФМ) ларга бўлинади. Ушбу кимёвий бирикмаларни идиш юзасидан ювиб тушириш анча қийин.»
Энди тасаввур қилинг, оддийгина тўрт нафар одамдан иборат бўлган оиладаги идиш-товоқларни ювиш ва хавфсизликни таъминлаш учун қанча сув кераклигини? Агарда оилада 7-10 нафар одам бўлса-чи?
«Аввало, идиш гел билан ювилганда сув томчиларида эриган ЮФМ бўлади. Сув қуригач, мазкур моддалар идиш юзасини қоплайди. Биз идишга иссиқ овқат солганимизда, айнан ЮФМ овқатимизга қўшилади ва емак билан биргаликда организмга киради. Оддий ҳисоб-китоб қилинганда доимий равишда кимёвий ювиш воситасидан фойдаланадиган оилаларда ҳар бир оила аъзоси бир йилда 200 граммгача кимёвий ювиш воситаларини «ейди», – дейди эколог бизни хавфдан огоҳлантириб.
Сир эмас бугунги кунда дунё аҳолисининг аксарияти, хусусан юртдошларимиз ҳам турли хил аллергик касалликлардан азият чекишади. Кўпчилик буни экологик вазиятнинг ёмонлашуви билани изоҳлайди, 70 фоиз аллергик ва бошқа касалликлар айнан ошхонамизда кимёвий идиш ювиш воситаларидан фойдаланиш натижаси эканлигини билмайди.
«Ҳозирда нафақат катталар, айниқса болаларда намоён бўладиган турли хил аллергик касалликларнинг келиб чиқиши кимёвий воситалардан турмушимизда кенг фойдаланишимиз оқибатидир, – дейди шифокор Ленире Зупарова. – Оддийгина кимёвий идиш ювиш воситалари бунга мисол бўла олади. Уларнинг таркибидаги моддалар синтетикдир. Кўпинча касалликларнинг бошланиши аллергик реакция сифатида намоён бўлиб, ошқозон -ичак йўлининг саратони, гипертония, депрессия билан якунланади. Мазкур моддалар инсон организмидаги ҳужайра мембранасини парчалайди, оқибатда иммунитет пасайиши, организмнинг турли хил касалликларга чалинувчанлигининг ортиши кузатилади. Чунки юзанинг фаол моддалари канцерогендир. Улар ошқозоннинг ҳимоя қатламини емиради. Бирикмалар қонга сўрилиб аста-секинлик билан бутун организмни заҳарлайди. Фақат фаол моддалар эмас, идиш ювиш воситаси таркибига кирувчи ҳид берувчи моддалар ва консервантлар ҳам инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Бекаларимиз ҳид берувчи моддаларни идиш ювишаётганда нафас олиш жараёнида ичларига тортишади, бу ўз навбатида нафас йўллари касалликлари, астманинг келиб чиқишига сабаб бўлади.»
Таркибидан идиш ювиш воситаси бўлган оқава сувлар атроф-муҳитга ҳам катта зарар етказади. Оқава сувлар сув ҳавзасига тушгач, айнан уларнинг ботқоқлашувига, жониворлар ва ўсимликларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Агарда идиш ювиш воситасининг таркибида анионли ЮФМ бўлса деярли парчаланмайди ва бошқаларига нисбатан инсон танаси ва экологияга уч баробар кўпроқ зарар етказади. Хўш, ҳозир барчамиз ўрганиб қолган, идиш-товоқлардан осонгина ёғни кетказадиган, инсон организмига зарар етказмайдиган идиш ювиш воситасининг ўрнини боса оладиган муқобил борми?
Албатта бор. Бунинг учун момоларимиз тажрибасига мурожаат қилсак бўлди. Энг зарарсиз восита бу қўл ва кир ювиш совунидир. Замонавий воситалардан уларнинг қаторига чой содаси, хантални қўшиш мумкин. Безарар идиш ювиш воситасини тайёрлаш учун бир дона кирсовунни қирғичдан ўтказиб, уни шиша идишга жойланг, устидан ярим қути чой содасини солиб, илиқ сувда ивитиб қўйинг. Бундай восита энг ёғли идишларингизни ҳам бир зумда тоза қилиб, мутлақо безарардир. Агарда тайёр ювиш воситасига ёқимли ҳид бермоқчи бўлсангиз яримта лимонни сиқиб, сувини аралаштиринг. Шунингдек ёғли идишларни хантал кукуни ҳам самарали равишда тозалайди. Бундан ташқари хантал, чой содаси антсептик хусусиятларга эга, яъни терингиздаги ҳар қандай микробларни ўлдиришга қодир, қолаверса улар сувда эриб, атроф-муҳитга ҳам зарар етказмайди. Сувни тежаш имконини беради. Агарда сиз тоғорачада идишларни ювсангиз ҳам, уларни табиий ювиш воситаларидан сўнг бир маротаба чайқаш кифоя.
Кимёвий идиш ювиш воситалари фан-техника тараққиёти маҳсули. Биз ўз ҳаётимизни енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Бунга эса ҳар куни оммавий ахборот воситалари томонидан реклама қилинаётган, «бир томчиси сизнинг барча муаммоларингизни ҳал қилишга қодир» кимёвий идиш ювиш воситаларини харид қилишга шошиламиз. Ўйлаб кўринг-чи, бир томчиси ҳар қандай ёғни парчалайдиган геллар, сизнинг ичингизга киргач наҳотки жим турса? Ички аъзоларингизга, фарзандларингиз, яқинларингиз соғлиғига зарар етказмаса?
Бугунги кунда бир чайқашда юз фоиз идиш юзасидан кетадиган идиш ювиш воситалари ўйлаб топилгани йўқ. Демак, ҳар гал идиш ювиш воситасини сотиб олар экансиз унинг неча фоизи сизни, қанчаси эса атроф-муҳитни заҳарлашини яна бир ўйлаб кўринг.
Наргис Қосимова, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter