«Ўлик» тиш нега оғрийди?
Нерви билан олиб ташланган тиш ўлик дейилади. Бироқ ана шундай тишлар ҳам баъзан оғриши мумкин. Бунинг сабаби нима? Мазкур ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
«RAMBLER»нинг ёзишича, нервсиз тиш оғримайди деган фикр миш-мишдан ўзга нарса эмас. Оғриқ истаган вақтда қайтиши мумкин — бир неча кун ёки ҳатто бир неча йилдан сўнг. Бу яллиғланиш туфайли келиб чиқади ва тиш атрофидаги тўқималарга таъсир кўрсатади.
Кенг тарқалган сабабларидан бири — каналларни сифатсиз даволаш. Агар каналлар охиригача тозаланмай пломбаланган бўлса, маълум вақтдан сўнг оғриқ қайтиши мумкин. Ушбу ҳолатда пломбани қайтадан очиб, тозалашга тўғри келади. Кейин эса доимий пломба қўйишдан олдин аҳволни кузатиш зарур.
Иккинчи сабаби — илдиз тепасига зарарли бактерияларнинг тушиши. У ерда киста ёки гранулема ривожланиши мумкин. Баъзан улар мустақил ўтиб кетади, бироқ бундай вазиятда одам оғриқни сезмайди. Агар оғриқ ҳисси кучайса, масалан, овқатланганда тиш оғриса, тиш ва милклар шишгандай туюлса, тезда шифокорга кўриниш керак.
Шунингдек, «ўлик» тиш милк яллиғланиши туфайли ҳам оғриб қолиши мумкин. Бу пародонтитдан қийналаётган одамларда содир бўлади. Бактериялар милк халталари орқали тиш ва жағ тўқимасига киради. Тиш тоши бўлса, вазият чуқурлашади.
Нима бўлганда ҳам, оғриқ юзага келганда зудлик билан шифокор қабулига ошиқиш даркор. Чунки яллиғланиш жуда тез ривожланиши мумкин — оддий пилладан (милк йиринглаши) флегмонагача (бириктирувчи тўқималарнинг йирингли яллиғланиши). Бунда йиринг юздаги барча тўқималарга қуйилади. Мазкур вазиятда ҳар қандай лоқайдлик сепсис ва ўлимга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter