Шифокор коронавируснинг яширин хавф-хатарларини маълум қилди
Коронавируснинг яширин хавф-хатарлари ҳақида россиялик тиббиёт фанлари доктори, шифокор-эндокринолог, академик Марина Шестакова маълум қилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, коронавирус ошқозоности безига салбий таъсир кўрсатади, шу боис у касалликка чалинганларда диабет ривожланиш хавфини оширади.
«SARS-CoV-2 вирусига рецепторлар ошқозоности бези бета-ҳужайраларида аниқланган. Демакки, бу тўппа-тўғри биринчи тур диабетнинг ривожланишига олиб боради», — дея таъкидлади шифокор.
Яна бир хавф-хатар изоляция қилиш даври ва жисмоний фаоллик чекланиши билан боғлиқ. Бундай турмуш тарзи семизликнинг ривожланишига туртки беради.
«Италиялик олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, COVID-19 даврида тана вазни меъёрда ва ортиқ бўлган одамлар гуруҳидан семизликдан қийналаётган одамлар гуруҳига ўтганлар сони қарийб уч баравар кўпайган. Тана вазни ортиши, тўйиб овқатланиш, ҳаракатнинг чекланиши — буларнинг бари тўппа-тўғри иккинчи тур диабетга олиб боради», — дейди Шестакова.
Бундан ташқари, коронавирус беморларидаги стресс диабет билан оғримаётган кишиларда гипергликемияни чақиради.
«Одатда COVID-19дан тузалгандан сўнг бундай турдаги гипергликемия ҳам йўқолади. Бироқ бир неча ойдан сўнг ўша одамда диабет ривожланиш хавфи сақланиб қолади. Бундай вазият COVID-19 беморлари учун тузалиш прогнози, ҳатто, диабетнинг ўзидан кўра ёмонроқ бўлиб чиқди», — дея таъкидлади шифокор-эндокринолог.
Барча нохуш асоратларнинг олдини олиш учун мутахассис «диванга чўзилиб ётиб, тинимсиз тамадди қилмасликни» маслаҳат беради.
«Сабзавотли салатлар тайёрланг, оқсилли таом, творогли маҳсулотлар истеъмол қилинг — марҳамат! Фақат ширинликларга муккасидан кетмасангиз бўлгани! Шундагина мураккаб пандемия давридан соғлиқ ва жисмоний қоматни сақлаган ҳолда ўтишингиз мумкин», — деди Шестакова.
Коронавирус инфекцияси аниқланганда, унинг сўзларига кўра, дори-дармонларни қатъий шифокор кўрсатмаси асосида қабул қилиш ва кўпроқ суюқлик ичиш керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter