Термометр ёрдамида қалқонсимон безни текшириш йўли
Қалқонсимон без гормонлари етишмаслиги кўпгина касалликларга сабаб бўлади. Буни қон таҳлили ёрдамида текшириш мумкин. Бироқ бунинг оддий ва осонроқ йўли ҳам бор, деб ёзади «Docgo.ru».
Қалқонсимон без фаолиятини баҳолашнинг оддий усулини бундан ярим аср муқаддам америкалик олим Брода Отто Барнс таклиф этган. Эндокринология соҳасидаги кўп йиллик тадқиқотлар натижасида доктор қалқонсимон без ҳолатидан одам тана ҳарорати «дарак беради», деган хулосага келди. Бунда фақат оддий термометрдан фойдаланишга тўғри келади. Муҳими: текширувни мутлақо соғлом бўлгандагина ўтказиш керак.
Барнс тести қандай ўтказилади?
Бу жуда осон, ҳеч қандай қийин томони йўқ, шунчаки бир неча дақиқа сабр қилиш талаб этилади. Кечаси термометрни тайёрлаб қўйинг (яхшиси, оддий симобли термометрдан фойдаланган маъқул, бироқ ҳар қанақаси ҳам бўлаверади): ундаги ҳарорат 35°C даражани ташкил этиши зарур. Термометрни очиқ жавончага солиб қўйинг.
Уйғонган заҳоти тўшакдан турмасдан туриб термометрни қўлтиқ остига жойлайсиз. Ҳароратни ўн дақиқа ўлчаш керак. Белгиланган вақт ўтгач натижани ёзиб қўйинг. Одатда эрталабки ҳарорат 36,5-36,8 даража атрофида бўлади. Бундай кўрсаткич қалқонсимон без меъёрда ишлаётганидан дарак беради.
Агар эрталабки ҳарорат ўртача 36,5 даражадан пасайиб кетса, сизда гипотиреоз аломати (қалқонсимон без фаолияти функцияси сусайиши) борлигини билдиради.
Борди-ю, эрталабки ҳарорат 36,8С° даражадан ошса, қалқонсимон без функцияси юқорилигига (гипертиреоз) ишора қилади. Ёки танада яллиғланиш жараёни кечаётган бўлади.
Тўғри, Барнснинг таъкидлашича, бир марта ўтказилган тест хато бўлиб чиқиши мумкин. Қалқонсимон без фаолиятини максимал даражада тўғри баҳолаш учун текширувни кетма-кет 3 кун ўтказиш лозим. Агар шу кундаги кўрсаткичлар меъёрда бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Бу вақт давомида эрталабки тана ҳарорати меъёрдан паст ёки юқори бўлиб чиқса, шифокорга мурожаат этиш керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter