Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тирноққа қараб касалликка ташхис қўйиш мумкинми?

Тирноққа қараб касалликка ташхис қўйиш мумкинми?

Илгари табиблар беморни кўрмасдан туриб ҳам унинг соғлиғи ҳақида хулоса чиқара олишган. Улар инсоннинг тили, кўзи, териси, томири ва ҳатто тирноқларига қараб организмдаги муаммоларни аниқлашга уринганлар. Бугун эса замонавий тиббиёт ҳам ташқи белгилар айрим касалликлар ҳақида сигнал бериши мумкинлигини тасдиқлаяпти.

Охирги йилларда Европа ва АҚШда ўтказилган қатор илмий тадқиқотларда тирноқ ранги, шакли ва тузилиши организмдаги айрим ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Аммо муҳим жиҳати тирноқдаги ўзгаришлар мустақил ташхис эмас, балки шифокорга мурожаат қилиш учун огоҳлантирувчи белги ҳисобланади.

Тирноқда пайдо бўладиган майда оқ нуқта ёки чизиқчалар баъзан цинк, темир ёки бошқа микроэлементлар етишмовчилиги билан боғланади. Лекин дерматологлар бу ҳолат кўпинча тирноқнинг енгил жароҳатланиши оқибатида ҳам кузатилишини таъкидлайди.

Ёш ўтган сайин тирноқда вертикал чизиқлар пайдо бўлиши табиий ҳолат ҳисобланади. Айрим ҳолларда эса витамин етишмовчилиги ёки организмдаги бошқа ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо уларни паразитлар билан тўғридан-тўғри боғлаш илмий жиҳатдан тўлиқ исботланмаган.

Игна учидай майда ботиқлар псориаз, экзема ёки айрим аутоиммун касалликларда учраши мумкин. Баъзи халқ табобати манбалари буни талоқ билан боғласа-да, замонавий тиббиётда бундай аниқ боғлиқлик тасдиқланмаган. Бу ҳолат кучли стресс, оғир инфекция ёки анемиядан кейин пайдо бўлиши мумкин. Тиббиётда бундай чизиқлар “Бо чизиқлари” деб аталади.

Тирноқ учларининг думалоқлашиб, дўнг ҳолатга келиши баъзан ўпка, юрак ёки жигар билан боғлиқ жиддий касалликларда кузатилади. Бу шифокор кўригини талаб қиладиган муҳим белгилардан бири ҳисобланади. Қошиқсимон, ичкарига ботиқ тирноқлар эса темир танқислиги анемиясида учраши мумкин.

Тирноқ ранги ўзгариши баъзан қандли диабет, буйрак ёки гормонал касалликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин аниқ сабабни фақат таҳлиллар орқали билиш мумкин.

Тирноқнинг кўкариши организмда кислород етишмаслиги белгиси бўлиши мумкин. Бу юрак ёки ўпка фаолияти билан боғлиқ муаммоларда кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Сарғайиш замбуруғли инфекциялар, чекиш, жигар ёки ўт қопи муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Оқариб кетган тирноқлар анемия, камқонлик ёки қон айланишидаги муаммолар белгиси бўлиши мумкин.

Тез синувчан тирноқлар кальций, темир, биотин етишмовчилиги, қалқонсимон без фаолияти ёки кимёвий таъсирлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шифокорлар бир нарсани алоҳида таъкидлайди, тирноқдаги ҳар қандай ўзгариш бу тайёр ташхис эмас. Масалан, уйқусизлик, стресс, нотўғри овқатланиш ёки маиший кимёвий воситалар ҳам тирноқ ҳолатига таъсир қилиши мумкин.

Аммо организм баъзан ички муаммоларни айнан ташқи белгилар орқали сўзлайди. Шунинг учун тирноқларда узоқ вақт давомида  ғалати ўзгаришлар кузатилса, ChatGPT маслаҳати эмас, мутахассис текшируви энг тўғри йўл ҳисобланади.

Олимлар инсон организмидаги айрим касалликлар ташқи белгилар орқали бир неча ойлар олдин сезилиши мумкинлигини айтишмоқда. Балки шу сабаб қадимги табиблар тирноқларга алоҳида аҳамият бергандир. Чунки баъзан организм оғриқдан олдин белги юборади. Тирноқлар эса ана шу жим сигналлардан бири бўлиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг