Эктор Купер: «Япониядан уч очко олиш учун майдонга тушамиз»
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер Япония билан учрашув олдидан ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди.
«Эртага Осиёнинг кучли жамоаларидан бирига қарши майдонга тушишимизни ҳис қилиб турибмиз. Бу биз учун муҳим учрашув. Навбатдаги босқичдаги тақдиримизга таъсир қиладиган ўйин ҳисобланади. Биз баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз. 1/8 финалда эса кимга қарши ўйин ўтказишимизнинг фарқи йўқ. Биз фақат эртанги ўйин ҳақида эмас, плей-офф ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Баъзи футболчилар иккита ўйинда ҳам иштирок этишди. Чарчоқ аломатлари бор футболчиларга эртага дам олиш имкониятини яратиб беришимиз мумкин. Аммо, бу биз уч очко учун майдонга тушмоқчи эмасмиз дегани эмас. Японияга қарши ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни ўтказмоқчимиз», деди мураббий.
Таркиб ҳақида
Эртага ҳисобида сариқ карточкаси бор футболчиларимизни ҳам ўйлаймиз. Агар улар яна огоҳлантириш олсалар, 1/8 финалда ўйнай олмайдилар. Миср терма жамоасида ишлаган вақтимда Африка кубогида бундай футболчиларни майдонга туширишга қарор қилгандим. Кейинчалик бу хато қарор экани маълум бўлди. Ушбу хатони Ўзбекистон терма жамоасида такрорламайман. Бу ерда ишга бошқача ёндошаяпман. Таркибимиздаги 23 нафар футболчининг барчаси ўйинга тайёр. Улар майдонга туша оладилар.
Японияни енгиш сири
Агар Японияни мағлуб этишнинг қандайдир сирини билсам, уни албатта қўллаган бўлардим. Биз қисқа вақт ичида ўйинни ривожлантиришга, жамоани шакллантиришга ҳаракат қилдик. Рақиб кучли. Тезкор футболчиларга эга, яхши прессинг уюштира олади. Бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз уларга имконият бермаслик. Ҳар қандай вазиятга тайёр тура олишимиз керак.
Плей-офф босқичи ҳақида
Менга 1/8 финалда кимга қарши ўйнашимизнинг фарқи йўқ. Тўғри, балки Австралия кучли терма жамоадир. Аммо, бу ерда ҳар бир жамоа «сюрприз» қила олади. Сиз Осиё Кубогида ғолиб бўлишни хоҳласангиз, исталган рақиб билан ўйнашингиз лозим. Қаерда ишлашимдан қатъи назар мен учун қоидаларим ўзгармайди – Европа, Америками, Осиёми. Мен ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқаман.
Тарих ёки статистика билан ўзини хурсанд қилиш, албатта яхши. Аммо, битта учрашувда бу катта аҳамиятга эга эмас. Ўйин пайтида биз бу ҳақида ўйламаймиз. Футболда барча нарса майдонда ҳал бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter