Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абдулазиз Комилов Вашингтонда Энтони Блинкен билан музокара ўтказди

Абдулазиз Комилов Вашингтонда Энтони Блинкен билан музокара ўтказди

Фото: ТИВ матбуот хизмати.

6-9-март кунлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация АҚШга ташриф буюрди.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилди. Томонлар Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳам муҳокама қилди. «С5+1» шакли доирасида минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлиши давомида АҚШ администрацияси вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ҳамда музокаралар ўтказди.

Тадбир давомида АҚШ компанияларининг республикадаги ислоҳотлар жараёнларида иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 24-26 март кунлари бўлиб ўтган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ишида Америка компанияларининг кенг иштироки бўйича келишувга эришилди.

Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши, Жорж Вашингтон университети, Техас А&М университети, Калифорниядаги Беркли университети раҳбарияти ва экспертлари билан мулоқотлар уюштирилди. Учрашувларда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат ўртасида университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, академик ва илмий алмашинувларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг