Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистонда бир ҳафтада 195 нафар террорчи қўлга олинган

Афғонистонда бир ҳафтада 195 нафар террорчи қўлга олинган

Фото: «Postimees.ee»

Афғонистон Миллий хавфсизлик дирекцияси бошлиғи Муҳаммад Маъсум мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида ўтган ҳафтада 195 нафар террорчи қўлга олингани ҳақида хабар берди, дея ёзмоқда ТАСС «TOLO News» телеканалининг якшанба кунги хабарига таяниб.

Улар орасида 20 январь куни Кобулдаги «Интерконтинентал» меҳмонхонасида уюштирилган терактга алоқадорликда гумон қилинаётган беш киши ҳам бор. Бир нафар гумондор хорижга чиқиб кетишга улгурган. Дирекция бошлиғининг сўзларига кўра, мамлакат ташқарисида жангарилар учун бошпана вазифасини ўтовчи мадрасалар тармоғи ҳамда ўқув лагерлари мавжуд.

У покистонлик радикал даъватчиларни Афғонистонда зўравонликларни тарғиб қилганликда айблаб, Покистоннинг Кўҳлак шаҳрида, икки давлат чегараси яқинида худкушлар тайёрлайдиган ўқув лагерлари мавжудлигини маълум қилди.

Матбуот анжуманида Ички ишлар вазири Воиз Аҳмад Бармакнинг айтишича, 27 январдаги терактда террорчилар олдин хабар қилинганидек битта эмас, балки иккита «тез ёрдам» машинасидан фойдаланган. Биринчи машинага бомба юкланган, иккинчи машина уни кузатиб борган. Шунингдек, вазир портлаш натижасида 30 нафар полициячи жароҳатланганини ва қурбонлар орасида ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўплигини маълум қилган.

Бир ҳафта ичида Афғонистонда иккита йирик теракт юз берди. 27 январь куни Кобулдаги ҳукумат даҳаси яқинида содир этилган терактда камида 103 киши ҳалок бўлди, 235 киши жароҳатланди. 20 январь куни бир гуруҳ қуролли кишилар «Интерконтинентал» меҳмонхонасига ҳужум уюштириши оқибатида 43 киши ҳалок бўлган эди. Ҳар иккала ҳужум учун жавобгарликни «Толибон» гуруҳи ўз бўйнига олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг