Алишер Қодиров ва Одилжон Тожиев россиялик депутатнинг даъвосига жавоб қайтарди
Россия Давлат думаси депутати, иқтидордаги «Единая Россия» партияси Марказий кенгаши аъзоси Евгений Фёдоров собиқ Иттифоқ давлатлари суверенитетини шубҳа остига олувчи ўта баҳсли баёнот берган эди.
Рус сиёсатчисининг куракда турмайдиган даъвосига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг икки ўринбосари жавоб қайтарди.
«Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади шекилли... Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми – вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз...» – дея қисқа пост қолдирди парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партия раҳбари Алишер Қодиров.
Қонунчилик палатаси спикерининг ахборот фаолиятини мувофиқлаштириш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Одилжон Тожиев эса Е.Фёдоровнинг баёнотини «ғоят оригинал» деб атади.
«Халқ вакили ўзини геосиёсатнинг етук мутахассиси сифатида кўрсатиб, ҳар хил ҳеч кимга номаълум «назариялар»ни келтирибди. Унинг айтишича, Совет Иттифоқини барча республикалар ноқонуний тарк этган, аллақандай 14/09-сонли қонунни бузган ҳолда. Афтидан, Фёдоров Конституция барча қонунлардан устун эканини тушунмайди. Ваҳоланки, СССР Конституциясининг 72-моддасида шундай дейилган эди: «Ҳар бир Иттифоқ республикаси СССРдан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади».
Устига устак, Фёдоровнинг мантиғига амал қилинадиган бўлинса, ўтган шу 32 йил давомида Россия Федерацияси номидан иш тутган президентлар Ельцин ва Путин, Россия парламенти ва ҳукумати, Россия давлат ҳокимиятининг барча институтлари бу республикалар билан ноқонуний муносабатларда бўлишган. Яъни икки томонлама (суверен тенглик асосидаги сиёсий-дипломатик, иқтисодий, ҳарбий, маданий ва бошқа соҳалардаги) алоқаларнинг барчаси ҳамда кўп томонлама форматлар, битимлар, шартномалар (МДҲдан бошлаб турли хил Шанхай шартномаларигача) ноқонуний эди. Бу ҳолда, бутун дунёга ишонч билан эълон қилиш мумкинки, бундай ноқонуний ҳуқуқий маконда ишлайдиган Россия ҳокимият институтлари ўз моҳиятига кўра ноқонуний ҳисобланади.
Шундай қилиб, ҳурматли депутат билвосита, аммо нозик тарзда Россия давлатидаги барча давлат ҳокимияти институтларини ноқонуний муносабатлари учун тарқатиб юборишга чақирдими? У ҳазиллашяпти, ҳойнаҳой», – дея эътироз билдирди О.Тожиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter