Ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизими янада кучайтирилади — Президент
Шавкат Мирзиёев айни вақтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съездидги нутқи давомида мамлакат Қуролли кучлари янада кучайтирилишини таъкидлаб ўтди.
— Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, қўшни минтақалардаги зиддият ва қуролли низолар Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.
Биз ўтган даврда янгиланган Мудофаа доктринаси асосида Қуролли Кучларимиз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, такомиллаштирмоқдамиз.
Қўшинларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини чуқур ислоҳ қилдик. Армиямиз энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан, таъминланмоқда.
Бугун Қуролли Кучларимиз ҳар қандай ташқи хавф-хатарларга, турли тажовуз ва таҳдидларга қатъий зарба беришга қодир бўлган яхлит ва ишончли кучга айланмоқда.
Яқинда 42 та давлат вакиллари иштирокида ўтказилган нуфузли «Армия – 2021» халқаро ўйинларида, аскарларимиз фахрли 2-ўринни эгаллади.
Бу миллий армиямизнинг қудрати, ҳарбий хизматчиларимизнинг ватанпарварлиги ва жанговар руҳи юқори эканини яна бир бор намоён этди.
Келгусида ҳам мамлакатимиз мудофаа салоҳияти ва ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ ва манзилли ишларни давом эттирамиз.
Энг аввало, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиб, тизимли амалга оширамиз.
Шу билан бирга, мамлакатимизни ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизими ҳам, давр талабларидан келиб чиқиб, янада кучайтирилади.
Чегараларимиз хавфсизлигини замонавий коммуникация воситалари ва техник иншоотларни кенг қўллаш орқали, янада мустаҳкамлаймиз.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама кучайтирамиз, — деди давлат раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter