Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири жорий этилган визасиз режим учун Мирзиёевга раҳмат айтди

Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири жорий этилган визасиз режим учун Мирзиёевга раҳмат айтди

Фото: «President.uz»

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 апрель куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хонимни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари мустаҳкамланиб, стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини чуқур мамнуният билан таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбатда 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга олий даражадаги тарихий ташриф ҳамда унинг якунида эришилган муҳим келишувлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ўзаро манфаатли ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Фото: «President.uz»

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин томонидан Корея яримороли ва бутун минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Ташқи ишлар вазири Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Жанубий Корея Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини юксак баҳолашини, ушбу анжуман, шубҳасиз, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилишини таъкидлади.

Вазир Ўзбекистон Президентига Жанубий Корея фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этиш тўғрисида қабул қилинган қарор учун самимий миннатдорлик билдирди, бу сайёҳлар оқимини салмоқли даражада ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилаётганини қайд этди.

Учрашув сўнггида Кан Гён Хва Жанубий Корея икки томонлама стратегик шериклик муносабатлари ва кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг