Мақсад нима? Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Тошкентга келди

Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Достонбек Жумабеков
2017 йил 20 декабр куни Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Д.Жумабеков расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида қатор учрашувлар режалаштирилган. Юқори мартабали меҳмон, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида ҳам бўлади. Учрашувлар ва музокаралар давомида томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир муҳим масалаларни, парламентлараро алоқаларни, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Ташриф дастурида Самарқанд шаҳрининг маданий-тарихий, диққатга сазовор жойларини бориб кўриш, Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументига гулчамбар қўйиш, «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» экспозияси ҳамда «Ҳазрати Имом» мажмуаси билан танишиш назарда тутилган.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қирғиз Республикаси Жўғорку Кенеши ўртасида икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган Амалий тадбирлар режасини («Йўл харитаси»ни) имзолаш режалаштирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter