Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё ва Италия раҳбарлари Остонада ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишиб олишди

Марказий Осиё ва Италия раҳбарлари Остонада ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишиб олишди

Фото: Президент матбуот хизмати.

30 май куни Остона шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Италия раҳбарларининг биринчи «Марказий Осиё – Италия» саммити бўлиб ўтди. Саммит якунларида қабул қилинган қўшма декларация томонлар ўртасидаги сиёсий иродани, умумий мақсадлар ва барқарор ривожланишга бўлган интилишни ифодалайдиган муҳим сиёсий ҳужжат сифатида тарихда қайд этилди.

Декларацияда сўнгги ўттиз йил мобайнида шаклланган дўстона муносабатлар, икки томонлама ҳамкорликнинг кенгайиши ва Европа ҳамжамияти билан интеграция жараёнлари юқори баҳоланди. Италия ҳукумати томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро ҳамжиҳатлик, минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт сари қаратилган ҳаракатлари қўллаб-қувватланди. Саммит давомида жаҳон сиёсати кун тартибини белгилаб бораётган бир қатор глобал муаммолар – иқлим ўзгариши, сув ресурслари, экологик мувозанат, хавфсизлик ва барқарор инфратузилмани таъминлаш масалалари бўйича ёндашувлар ҳамоҳанглиги алоҳида таъкидланди.

Декларацияда Ўзбекистон учун долзарб бўлган йўналишлар ҳам ўз аксини топди. Иқлим ўзгаришига қарши кураш, Орол денгизи инқирози ва музликларни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий лойиҳаларни илгари суриш, трансқитъавий транспорт ва логистика тизимларини такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ёшлар сиёсатида ҳамкорликни чуқурлаштириш – буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари суриб келинаётган стратегик ташаббуслар билан уйғунликда намоён бўлди. Саммитда қабул қилинган қўшма баёнот бу ташаббусларни халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

Италиянинг минтақадаги фаол иштироки, унинг технологик инновациялар ва саноат салоҳиятини Марказий Осиё бозорига жалб этишга бўлган қизиқиши, транспорт логистика тизимларида иштирок этиш нияти, таълим ва касбий тайёргарлик соҳасидаги лойиҳаларда шерик сифатида қатнашишга тайёрлиги – буларнинг барчаси ушбу саммит орқали амалий йўл харитасига айланди. Шунингдек, хавфсизлик, киберхавфлар, миграция, экстремизм ва гиёҳванд моддалар муомаласига қарши курашиш соҳаларида ахборот ва тажриба алмашинуви, кадрлар тайёрлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.

Декларацияда Марказий Осиё мамлакатлари ва Италия ўртасидаги алоқаларни мунтазам мулоқот ва платформалар асосида давом эттириш, 2026 йилда Италияда ташқи ишлар вазирлари мажлисини, 2027 йилда Қирғизистонда иккинчи саммитни ўтказиш тўғрисидаги келишув ҳам қайд этилди. Бу эса, минтақадаги ҳамкорликни институционаллаштириш ва уни доимий форматда ривожлантиришга йўл очади.

Ушбу саммит ва унда қабул қилинган декларация Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар ташқи сиёсати ҳамда глобал ҳамкорликдаги фаол иштирокини яна бир бор намоён қилди. Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган экологик, транспорт, таълим ва иқтисодий ислоҳотларни халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш тенденцияси изчил равишда давом этмоқда.

“Марказий Осиё – Италия” саммити нафақат давлатлараро муносабатларини мустаҳкамлади, балки уни келажакдаги барқарор ривожланиш, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик йўлидаги муҳим босқичга айлантирди.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг