Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Президенти Бишкекда кутиб олинди (фото)

Ўзбекистон Президенти Бишкекда кутиб олинди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига келди.

Икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган «Манас» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва унинг рафиқаси кутиб олди.

Бу ерда давлат раҳбарларига Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги дўстликни тараннум этувчи мусиқий-фолклор чиқишлар намойиш этилди. 

Сўнг Президентимиз Қирғизистон Бош вазири Акилбек Жапаров ҳамроҳлигида «Ата-Бейит» миллий тарихий-ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари 1916 йилги фожиали воқеаларнинг қурбонлари хотирасига бағишланган «Уркун» ёдгорлиги пойига гул қўйди.

Мажмуа 2000 йилда қирғиз давлатчилигининг энг муҳим босқичлари ҳақидаги тарихий хотирани тиклаш ва асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган. Қирғиз халқининг улуғ ёзувчиси Чингиз Айтматов таклифи билан ёдгорликка «Ата-Бейит» — «Оталар қабри» деган ном берилган.

Давлат ташрифининг асосий тадбирлари эртага, 27 январ кунига мўлжалланган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг