Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида савдо айланмаси ҳажми ошмоқда – элчи

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида савдо айланмаси ҳажми ошмоқда – элчи

Тадбир доирасида EUROUZнинг янги аъзоларига сертификат топширилди.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда изчил ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан Тошкентда 4 июнь куни бўлиб ўтган тадбирда маълум қилди.

Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилишича, 2022 йилда ЕИ давлатлари ва Ўзбекистон ўртасида экспорт ҳажми 3,77 миллиард еврони (63,9 фоиз ўсиш) ва импорт кўлами 845 миллион еврони (77,1 фоиз ўсиш) ташкил этган. 2023 йилда умумий товар айланмаси 11 фоизга ошди ва экспорт улуши 4,35 миллиард евро, импорт эса 780 миллион еврога тўғри келди.

“Бу рақамлар ортида Европа бизнес вакилларининг Ўзбекистонга сармоя киритиш билан боғлиқ дадил қарорлари турибди. Ўзбекистон чет эллик инвесторларга ёш ва билимли аҳоли ҳамда бой табиий ресурслардан тортиб жадал ўсиб бораётган бозорга қадар –  қандай улкан имконият тақдим эта олишини ҳаммамиз яхши биламиз”, – деди Шарлотта Адриан.

2023 йил 22 ноябрь куни Ўзбекистоннинг ЕИ Преференцияларнинг бош тизими (GSP+) бўйича бенефициар мақоми яна тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Элчи иқтисодий робиталарни янада кучайтиришда ушбу тизимнинг аҳамияти катта эканини урғулар экан, Брюссель Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги борасида кўмакда ҳам собит эканини қайд этди.

Жорий йил 5 апрель куни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида жуда ҳам муҳим бўлган хомашё (CRM) соҳасида барқарор нарх-наво занжирини ривожлантиришга қаратилган Англашув баённомаси имзоланди.

Дипломатнинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, Европа хусусий сармояларини кўпайтириш, қўшимча қиймат ва иш ўринларини яратиш учун алоқаларни чуқурлаштиришга бўлган биргаликдаги интилишнинг яна бир белгисидир.

Бу борада Global Gateway, Транскаспий транспорт коридори, шунингдек, “Digital Team Europe” ташаббусларининг ҳам аҳамияти катта.

Ш.Адриан Россиянинг Украинага босқини шароитида Ўзбекистоннинг ҳамкорлик йўналишларини диверсификациялаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолади.

“Биз Ўзбекистонни улкан мақсадларни кўзлаб бошлаган ислоҳотлар йўлида қўллаб-қувватлаймиз... ЕИнинг сиёсий, иқтисодий ва савдо жабҳаларда Ўзбекистон тараққиётини дастаклаши мамлакатнинг устувор мақсадларига ҳам мос келади ва бу президент Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсатини қўллаб-қувватлашга қаратилган”, – деди дипломат.

Тадбирда сўз олган Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси бош котиби Ойбек Шайхов хорижлик сармоядорлар, маҳаллий бизнес вакиллари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида самарали мулоқот платформасини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, EUROUZ Европада расман қўллаб-қувватланган биринчи бизнес-савдо палатасининг юртимиздаги филиали сифатида фаолият юритмоқда. Уюшма ўз аъзоларига мақсадли бозорни тушуниш, кучли бизнес тармоқларини яратиш ва давлат, хусусий манфаатдор томонлар билан янада самарали мулоқот борасида ёрдам кўрсатади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг