Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Жапаров ва Эрдўғон билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Жапаров ва Эрдўғон билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро савдо ҳажми жадал суръатда ўсмоқ, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тадбирларга бой маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури рўёбга чиқарилмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда бошлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Шунингдек, 8 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 16-саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони, сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Йил бошидан 500 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилинди, 200 дан зиёд янги корхоналар ташкил этилди.

Савдо, саноат, инновациялар, энергетика, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриб чиқилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг