Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев аёлларни байрам билан табриклади

Шавкат Мирзиёев аёлларни байрам билан табриклади

Ўзбекистонда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»да тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакат хотин-қизларини байрам билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

— Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир, — деди Президент. — Менинг тилагим, менинг мақсадим битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 2 мартдаги қарорига мувофиқ, бу йил янги тартиб асосида 28 нафар фаол қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, бугун, 7 март куни Президент Шавкат Мирзиёев «8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга имзо чеккан эди.

Мамлакатнинг ишлаб чиқариш тармоқлари, тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган опа-сингилларимиз, турли вазирлик ва идоралар вакилалари тўкин дастурхон атрофида жам бўлди.

Тадбирга Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломат аёллар, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, Америка Қўшма Штатлари, Хитой Халқ Республикаси, Франция, Миср Араб Республикаси элчилари ҳам таклиф қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг