Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашди

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашув ўтказди.

Жаҳоннинг бош халқаро ташкилоти делегацияси таркибида учрашувда БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбари Ольга Алгаерова ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана ҳам иштирок этди.

Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида БМТнинг институт ва марказлари билан кўп қиррали ва самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Делегация раҳбари Ўзбекистон етакчисига ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Таъкидланганидек, БМТ давлатимиз томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик сиёсатни, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ҳамда 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибининг асосий вазифаларига тўлиқ мос бўлган туб ислоҳотлар дастурини юксак баҳолайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон БМТнинг барча тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда – биргаликда турли йўналишларда 200 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосидир.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкилот Бош Ассамблеясининг қатор муҳим махсус резолюциялари қабул қилинди. Бундан ташқари, экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинган Оролбўйи минтақаси бўйича БМТ Траст фонди ташкил этилди.

БМТ Тараққиёт дастури, Европа иқтисодий комиссияси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНЕСКО, ЮНИДО, ФАО, глобал ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан самарали амалий ҳамкорлик кенгаймоқда.

Учрашувда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг, энг аввало, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган асосий мақсадлари ижросини таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни илгари суриш, гендер тенглик бўйича миллий стратегияни амалга ошириш, «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш, инновациялар ва рақамли технологияларни жорий қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа  масалалар яна бир бор шерикликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этилди.

Халқаро сиёсат масалалари ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад Марказий Осиё мамлакатлари минтақада дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда улкан муваффақиятларга эришганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистоннинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлашга ҳамда ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига, шу жумладан йирик транспорт ва энергетика лойиҳаларини илгари суриш орқали кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институт ва тузилмалари билан кенг кўламли ҳамкорлигини қабул қилинган «йўл харита»лари асосида янада ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг