Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонига мактуб йўллади

Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонига мактуб йўллади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллади.

​Давлат раҳбари Жоржа Мелонини Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган Ҳукумат раҳбари сифатида тарих саҳифаларидан муносиб жой олгани билан самимий муборакбод этди.

​Президентимиз ушбу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси ва қатъияти, давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

​Ҳозирги ўта мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда Италиянинг миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Жоржа Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

​Президентимиз Италия Ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратаётган доимий эътибори учун миннатдорлик билдирди.

​Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланди. Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

​Мактуб якунида давлатимиз раҳбари Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг