Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Содиқ Сафоев Анталия форумида муҳим масалани кўтарди

Содиқ Сафоев Анталия форумида муҳим масалани кўтарди

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) дунёда кечаётган жадал ўзгаришларга ҳар жиҳатдан мослашган ҳолда ҳаракат қилиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Анталияда (Туркия) бўлиб ўтган дипломатик форумдаги нутқида таъкидлади.

«Туркий давлатлар ташкилоти: ҳамкорликнинг ўзига хос модели» мавзусидаги муҳокамаларда чиқиш қилган Содиқ Сафоев замонавий дунё уруш, ихтилофлар, экологик фожиалар, уюшган жиноятчилик каби улкан муаммоларга дуч келаётганига эътибор қаратди. Унга кўра, ТДТнинг тузилиши туркий дунёнинг ушбу муаммоларга жамоавий жавоби ҳисобланади. Шу боис ҳам ташкилот шунчаки мунозаралар майдони эмас, балки аниқ ҳаракатларга асосланган тузилма бўлиши муҳимдир.

С.Сафоев ТДТ аввал-бошдан фақат савдо-иқтисодий йўналишда эмас, балки муштарак маданият ва қадриятларга асосланган ҳолда фаолият юритиб келаётганини қайд этди.

Сиёсатчининг таъкидича, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ТДТ фаолиятида катта ўрин тутади, аммо ўзаро тушуниш, муштарак қадрият ва уйғун тамойиллар янада муҳим аҳамият касб этади.

«ТДТ бутун дунёга бунинг имкони борлигини исботлади. У ана шундай ўзига хос ташкилот тузиш мумкинлигини кўрсатиб берди», – деб хулоса қилди Ўзбекистон парламенти юқори палатаси вакили. 

Муҳокамаларда маъруза билан қатнашган ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим эса туркий давлатлар учун умумий алифбо заруратига тўхталди. Туркиялик сиёсатчига кўра, ТДТ экспертлари умумий алифбонинг техник жиҳатлари бўйича ишларни якунлаган. Келгуси қадамлар эса давлатларнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Маълумот ўрнида: ТДТга Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия аъзо, Венгрия ҳамда Туркманистон эса кузатувчи давлат мақомида. Ҳозирда ТДТ 170 миллион нуфус ҳамда 4,2 миллион квадрат километрга чўзилган муҳим геосиёсий ҳудудга эга.

Аввал хабар берганимиздек, ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларнинг умумий номинал ЯИМ дунёнинг 1,7 фоизини (тахминан 1,8 трлн доллар), харид қилиш қобилияти паритети бўйича эса дунёнинг 3,1 фоизини (тахминан 5,7 трлн доллар) ташкил этмоқда.

Янги юзйилликда туркий давлатларнинг геосиёсатдаги ўрни ва мақоми янада ошиши башорат қилинмоқда.

Ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда туркий давлатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун Шимолий Атлантика иттифоқи (НАТО) каби тузилмага эга бўлиши кераклиги ҳам таклиф этилгани маълум.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг