Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент анжуманида «Толибон» ва АҚШ дипломатлари ўзаро тортишиб қолгани маълум бўлди

Тошкент анжуманида «Толибон» ва АҚШ дипломатлари ўзаро тортишиб қолгани маълум бўлди

Амирхон Муттақий ва Томас Вест. Архив сурат.

Фото: Getty Images

Ҳафта бошида Тошкентда бўлиб ўтган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро анжуманда «Толибон» ҳукумати ташқи ишлар вазири в.б. Амирхон Муттақий ҳамда Ғарб дипломатлари, хусусан, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест ўртасида жиддий баҳс-мунозара кечди.

Бу ҳақда анжуманда қатнашган россиялик таниқли сиёсатшунос, Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов маълум қилди.

Қайд этилишича, «Толибон» бош дипломати мамлакатда коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётгани, фуқароларга нисбатан бағрикенглик сиёсати юритилаётгани, эндиликда Афғонистон бошқа давлатларга таҳдид солмаслиги ҳақида гапирган.

«Ундан кейин Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича вакилига (Томас Никлассон – таҳр.) сўз берилди.  У маданий Ғарбнинг толиблар ҳукуматига нисбатан ҳазорийлар ва этник озчилик вакилларининг таъқиб этилиши, хотин-қизларнинг ишлаши, қизларнинг ўқиши борасидаги чекловлар, сўз эркинлигининг йўқлиги каби ҳаққоний эътирозларини санади. Макроиқтисодий барқарорлик  ва қонун устуворлиги лозимлигини таъкидлади. Ўша палла гап Афғонистоннинг ЕИга аъзолиги масаласида кетаётгандек туюлди. Ниҳоят, сўз навбати «Толибон» ҳукуматининг муросасиз мухолифи америкалик дипломатга келди. У европалик ҳамкасби билан ҳамфикр эди, зотан, Ғарб бу борада зиддиятга йўл қўя олмас эди», – дея анжуман тафсилотларини очиқлади сиёсатшунос.

А.Дубновга кўра, «Толибон» вакили Ғарб дипломатлари эътирозига кескин жавоб берган.

«Бизни инсон ҳуқуқларини бузишда айблашмоқда. Хорижликлар мамлакатимизга келиб, бомба ёғдирган ва тинч афғонларни ўлдирганда инсон ҳуқуқлари бузилмаганмиди? Улар пулларимизни олиб қўйиб, энди натижа талаб қилмоқдалар. Боғимизни суғориш учун сув йўлини тўсиб қўйиб, сўнг боғимизда етиштирилган меваларни кўрсатишни талаб қилсангиз, нима деб жавоб беришимиз керак?» – дея эътироз билдирган А.Муттақий.

Маълумотларга қараганда, 2021 йил август ойида Кобул ҳокимияти «Толибон» қўлига ўтгач, АҚШ халқаро донорлар томонидан Афғонистонга тақдим этилган 7 миллиард долларга яқин маблағдан фойдаланишни тақиқлаб қўйган. Тошкент анжуманида «Толибон» вакили Ғарб мамлакатларидан Афғонистонга тегишли музлатилган маблағларни қайтаришни талаб қилган.

А.Дубнов Тошкент анжумани Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини урғулаган.

«Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ўтган йил куздаёқ режалаштирилган Тошкент анжумани урушдан кейин жаҳон миқёсидаги илк машварат экани билан аҳамиятлидир. Толиблар мамлакат ҳукуматини қайтариш ниятида эмаслиги, улар бу гал узоқ муддатга келгани маълум бўлди. Демак, Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан оёққа қўйиш чораларини кўриш керак. Лекин Россия қўшини Украинага киргач, жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонга эътибори сусая бошлади... Украина фожиаси манзарасида Тошкент анжуманининг аҳамияти ошди. Бу ўринда Ўзбекистон инсоф-диёнатли воситачи сифатида ҳаракат қилмоқда», – деб ёзади Марказий Осиё бўйича эксперт.

А.Дубнов аввалроқ «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳам Тошкент анжуманида долзарб масалалар очиқ баҳс тарзида муҳокама этилганини қайд этган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 25-26 июль кунлари бўлиб ўтган анжуманда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, Америка, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақаларининг Афғонистонда барқарорликни тиклашга жалб этилган 20 дан зиёд давлатнинг махсус вакиллари, халқаро ташкилотлар делегациялар қатнашди.

Анжуман иштирокчиларига мурожаат йўллаган президент Шавкат Мирзиёев Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётга эришиб бўлмаслигини таъкидлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Афғонистон ташқи ишлар вазири в.б. Амирхон Муттақий билан учрашди. Кобул муваққат ҳукумати вакили Афғонистон бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига хавф туғдирмаслигини яна бир карра такрорлади.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг