Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркистон декларацияси қабул қилинди

Туркистон декларацияси қабул қилинди

Фото: Senat.uz

Бугун, 10 феврал куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси ҳам форумда қатнашди.

Форум иштирокчиларига Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қутлов сўзларини йўлладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми иштирокчиларига йўллаган қутлов сўзини Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Форумда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида минтақа давлатларининг етакчилари ўртасида олиб борилаётган ўзаро ишончга асосланган фаол сиёсий мулоқотлар изчиллик ва мунтазамлик касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари бирдек манфаатдор бўлган тинчлик-осойишталик, хавфсизлик, чегаравий масалалар, шунингдек, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экологияга оид минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан муҳим ташаббус ва қарорларнинг қабул қилинишига замин яратмоқда.

Форумда алоҳида қайд этилганидек, бугунги кунда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасида парламент дипломатиясининг ҳам ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Айниқса, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда қардош ва ўзаро дўст халқлар парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада мамлакатимизда яқин қўшнилар билан самарали парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясининг қабул қилингани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Форумда умумий тарихий-маданий меросга асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда парламент аъзоларининг иштирокини янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда минтақа давлатлари ўртасида асрлар мобайнида шаклланган ва ҳозирда тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстона алоқалар халқларимизнинг тили, урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг муштараклиги билан ҳам изоҳланади.

Шундан келиб чиқиб, форум иштирокчилари мамлакатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда турли форумлар, фестиваллар, маданий тадбирларни ўтказиш, халқларимизни бир-бири билан янада жипслаштиришга хизмат қилувчи туризм йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбир якунида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Туркистон декларацияси қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг