Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой Халқ озодлик армиясининг 99 йиллиги Тошкентда нишонланди

Хитой Халқ озодлик армиясининг 99 йиллиги Тошкентда нишонланди

Хитой Халқ озодлик армияси ташкил топганининг 99 йиллиги муносабати билан Тошкентда тантанали қабул маросими ташкил этилди. Унда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Хан Вей нутқ сўзлади. Унинг таъкидлашича, “ўтган 99 йил давомида Хитой Коммунистик партиясининг кучли раҳбарлиги остида Хитой Халқ озодлик армияси Хитой халқини озод қилиш, миллий мустақилликка эришиш ҳамда Хитой миллатининг буюк тикланиши йўлида улкан тарихий хизматларни амалга оширди”. Хитой армияси машаққатли, шу билан бирга шонли тараққиёт йўлини босиб ўтди. “Ўтмишга назар ташлар эканмиз, Хитой Халқ озодлик армияси заиф қўшиндан қудратли армияга айланди, бир ғалабадан иккинчисига эришиб, мамлакат миллий хавфсизлигининг ишончли таянчи ҳамда жаҳон тинчлигини ҳимоя қилишдаги муҳим кучга айланди”, деди Хан Вей.

Унинг қайд этишича, бугунги кунда халқаро вазият мураккаб ва беқарор бўлиб, дунёнинг турли ҳудудларида қуролли можаролар кетма-кет юз бермоқда. Ана шундай шароитда Хитой Халқ озодлик армияси ҳарбий ислоҳотларни изчил чуқурлаштириб, миллий хавфсизликни таъминлаш, Ватаннинг тўлиқ бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакатнинг тинч тараққиёт ҳуқуқини ҳимоя қилиш салоҳиятини мунтазам ошириб бормоқда.

Шу билан бирга, глобал тинчлик ва минтақавий хавфсизликнинг муҳим ҳамда ишончли ҳимоячиси сифатида Хитой Халқ озодлик армияси БМТ тинчликпарварлик операциялари, денгиздаги эскорт операциялар, гуманитар қутқарув ишлари ва терроризмга қарши халқаро ҳамкорликда фаол иштирок этмоқда. Бутун дунёда тинчлик, адолат ва барқарорликни сақлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари орасида тинчликпарвар кучларни энг кўп юборган давлат ҳисобланади. Хитой Халқ озодлик армияси БМТнинг 29 та тинчликпарварлик миссиясида иштирок этиб, 50 минг нафардан ортиқ ҳарбий хизматчини юборди. Ҳозирги вақтда ҳам қарийб 1700 нафар хитойлик тинчликпарвар ҳарбий хизматчи ўз вазифаларини бажаришда давом этмоқда.

Бундан ташқари, Хитой ҳарбий-денгиз кучлари Адан қўлтиғи ва Сомали қирғоқ бўйи сувларига шу кунгача 45 та эскорт флотилияси таркибини юборди. Уларнинг таркибида 150 дан ортиқ ҳарбий кема ва 35 мингдан зиёд ҳарбий денгизчи хизмат қилган бўлиб, улар Хитой ва хорижий кемалар учун 1600 дан ортиқ эскорт миссиясини муваффақиятли амалга оширди.

Мазкур вазифаларни бажариш жараёнида Хитой Халқ озодлик армияси доимо “Тақдири муштарак инсоният ҳамжамияти” концепциясига қатъий амал қилади. “Биз мамлакат, ирқ ёки тери рангидан қатъий назар, барча халқларга бирдек муносабатда бўламиз ҳамда бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида изчил саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз”, деди Хан Вей.

“Бугунги кунда халқаро ҳамжамият тобора кўпроқ умумий тақдир билан чамбарчас боғланган ҳамжамиятга айланмоқда. Хитой ҳар доим можароларни мулоқот орқали, келишмовчиликларни эса музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган. Тинчлик умумий равнақнинг асосидир, ҳамкорлик эса ўзаро манфаат келтиради.

Маълумки, икки давлат раҳбарларининг стратегик раҳбарлиги остида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар “янги даврда ҳар томонлама стратегик шериклик” даражасига кўтарилди. Шу билан бирга, икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги ҳамкорлик ва амалий алоқалар ҳам изчил чуқурлашиб, кенгайиб бормоқда.

Қуролли кучларимиз ўртасидаги дўстона ҳамкорликни мунтазам кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни биргаликда таъминлаш ҳамда минтақа давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун хавфсиз ва барқарор муҳит яратиш.

Келгусида ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаймиз, қуролли кучларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришда давом этамиз ҳамда Марказий Осиё ва бутун дунёда барқарорлик ҳамда тараққиётни таъминлашга янада катта ҳисса қўшишда давом этамиз”, дея сўзларини якунлади ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Хан Вей.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг