Босния можароси: Хорватиялик аёл уруш пайтидаги жиноятлари учун 14 йилга қамалди
Хорватиялик собиқ ҳарбий аёл Азра Басик 27 декабр куни Сараево суди томонидан 1990-йиллардаги Босния урушида қилган жиноятлари учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Франциянинг «Le Monde» нашри хабар бермоқда.
58 ёшли Азра Басик Боснияда 1992—1995-йилларда юз берган, 100 минг кишининг ўлимига сабабчи бўлган миллатлараро урушдан сўнг АҚШга кўчиб кетган эди. Босния суди талаби билан у 2011 йили ҳибсга олинган ва 2016 йилнинг охирида АҚШдан Боснияга экстрадиция қилинган. Шу йилнинг январ ойидан буён давом этган тергов натижаларига кўра, 1992 йили Дервента шаҳрида маҳаллий сербларга қарши қилган жиноятлари учун айбдор деб топилган.
Азра Басикдан ташқари яна ўнлаб аёл жавобгарликка тортилган. Энг оғир жазони эса Азра Басик ўташи керак бўлади. У ва бошқа аёллар урушда асир тушганларга нисбатан турли хил қийноқлар қўллашган, жумладан, асирлар елкалари ва пешоналарига «хоч» расмини пичоқ билан ўйиб ёзишган.
Ушбу можарода иштирок этган аёлларнинг энг машҳури собиқ вице-президент — 87 ёшли Биляна Плавсик ҳисобланади. У собиқ Югославия иши бўйича Халқаро судда судланаган ягона аёлдир. У 2003 йили ўз айбига иқрор бўлганидан кейин 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Босния ва Герцоговинадаги бу уруш 1992 йил 6 апрелда эндигина мустақиллигини эълон қилган Босния давлатига серб ҳарбийларининг ҳужумидан сўнг бошланиб, 1995 йил 14 декабр кунги Дейтон битими билан ўз ниҳоясига етган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter