Ашурматовга алам қилмадими?
АГМК жамоасини ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистон кубоги баҳслари ғолибига айлантириб, Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олиб берган Бахтиёр Ашурматовнинг бош мураббийликдан бўшатилиши кутилмаган ҳолми? Албатта. Унинг ўрнига «Бунёдкор»нинг собиқ устози Миржалол Қосимовнинг тайинланиши-чи? Йўқ, буни кутилмаган деб бўлмайди. Халқаро майдонда тўп суриш имкониятига эга бўлган жамоа тажрибали ва маҳоратли мураббий хизматига эҳтиёж сезиши табиий.
Шунга қарамай, Бахтиёр Ашурматов ўз ўрнини мамнуният билан Миржалол Қосимовга бўшатиб берди, дейиш қийин. Буни унинг ўзи ҳам ошкора тан олибди: «... Ҳа, очиғини айтаман, мен учун ҳам бу кутилмаган қарор бўлди. Чунки мураббий сифатида Осиё чемпионлар лигасида қатнашиш, маҳорат ва тажрибамни ошириш, ўзбекистонлик мухлислар меҳрини қозониш учун АГМКдаги фаолиятимни давом эттириш ажойиб имконият эди», — дейди мураббий «Inter-futbol» мухбири билан суҳбатда.
Бахтиёр Ашурматов АГМКдан кетгач, кўп вақт ишсиз қолгани йўқ: «Бухоро»га бош мураббий этиб тайинланди. Бу ғолиб мураббий учун яна бир имконият: келгуси чемпионатда собиқ жамоасини мағлубиятга учратиб, бир хумордан чиқиши баробарида «Бухоро»ни ҳам ОЧЛга етаклаворса, ажабмас.
Ё, насиб!..
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter