Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бавария»ни чўктирган «сариқ сувости кемаси»нинг тиши «Ливерпул»га ўтадими? (превью)

«Бавария»ни чўктирган «сариқ сувости кемаси»нинг тиши «Ливерпул»га ўтадими? (превью)

УЕФА чемпионлар лигаси ўзининг якунига қараб кетмоқда. Кеча Англиянинг бошқа бир шаҳрида «Манчестер Сити» испанларга инглизча «меҳмондўстлик» қилган эрса, бугун ливерпулликлар «Вилярреал»ни «Энфилд»да қабул қилади.

«Ливерпул» «B» гуруҳидаги гегемонлигидан сўнг, «Интер» ва «Бенфика»ни мағлуб этиб, ярим финалга чиқди. Юрген Клопп шогирдлари 2022 йилда ўйнаган 26 та ўйинидан фақат биттасини ютқаздилар. «Ливерпул» ҳозир АПЛ тахти учун ҳам манчестерликларга қарши чинакам жанг олиб бормоқдалар.

«Вильярреал» гуруҳ босқичида иккинчи ўринни эгаллади. Плей-оффларда даҳшатли натижалар кўрсатиб, «Ювентус» ва «Бавария»ни турнирдан чиқариб юборди. «Сариқ сувости кемаси» мезбонлар каби катта ном бўлмаса ҳам, Эмери шогирдларининг турнирда кўрсатаётган ўйинларига шунчаки қойил қолмасдан илож йўқ.

Бу икки жамоа бундан 6 йил аввал ҳам ярим финалда тўқнаш келишган. Аммо ўшанда турнир Европа лигаси эди. «Ливерпул» «Вилярреал»дан Испанияда 1:0 ҳисобида мағлуб бўлиб қайтган, Ливерпулда эса 3:0 ҳисобида енгган эди. Бу воқеаларга кўп вақт, жамоалар ўзгарган бўлса ҳам, бу футбол ва унда ҳар нарса бўлиши мумкин.

Юрген Клоппнинг УЕФА чемпионлар лигаси ярим финали биринчи ўйинида таркиб борасида бирорта йўқотишга учраган эмас. Роберто Фирмино билан озгина хавотирлар бўлса-да, бразилиялик «мерсисайдликлар» таркибида аллақачон иккинчи таркиб футболчисига айланиб қолган. Фирмино йўқлигида Садио Мане марказий ҳужумчи сифатида ўз ўрнини сақлаб қолади ва Муҳаммад Салоҳ ва Луис Диаз билан бирга динамик фронт чизиғини шакллантиради. Катта эҳтимол билан Тиаго Алкантара «Ливерпул»нинг асосий ўйинчисига айланади ва у темпни белгилаш, прессингни ташкил этишга жавобгар бўлади.

Эҳтимолий таркиб (4-3-3): Алиссон; Александр-Арнольд, Конате, ван Дейк, Робертсон; Хендерсон, Фабиньо, Тьяго; Салах, Мане, Диас.

«Ливерпул»даги ҳамкасбидан фарқли равишда Унаи Эмери УЕФА чемпионлар лигаси ярим финалининг биринчи ўйини учун «Энфилд»га сафари олдидан йўқотишларга дуч келган. «Вилярреал» бош мураббийи иккита асосий ўйинчи хизматларидан фойдалана олмайди. Алберто ва Жерар Моренолар сон мушакларидаги жароҳатлари сабабли майдондан четда қолмоқда. «Сариқ сувости кемаси» бу дуэтсиз ҳам ўйнашга ўрганиб қолган эрса-да, Эмери учун ҳужумнинг турфа хиллигини таъминлашда муаммолар яратади. «Вилярреал» бош мураббийи «Ливерпул»га қарши 4-3-1-2 схемасида ўйнаса керак. Испанлар аргентиналик марказий ҳужумчилар Саму Чуквуезе ва Арнаут Данжума билан ҳаракат қилади. Айниқса, тезкор Чуквуезе «қизиллар»га муаммо бўлиши мумкин.

Эҳтимолий таркиб (4-3-1-2): Рулли; Фойт, Альбиол, Торрес, Эступинан; Парехо, Коклен, Капуэ; Ло Сельсо; Чуквуэзе, Данжума.

2005 йилнинг август ойида Гудисон Паркда «Эвертон» устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганидан бери «Вилярреал» Англиядаги сўнгги саккизта ўйинида ғалаба ютолмаган (3 дуранг, 5 мағлубият). «Ливерпул» Европа кубоги ва УЕФА Чемпионлар лигасининг ярим финалига 12-марта етиб келди. Бу инглиз жамоалари ичида энг яхши икки натижадан бири. «Қизиллар» тарихда биринчи марта бир мавсумда Лига кубоги, Англия кубоги ва Еврокубокнинг ярим финалига чиқишди.

2009/10 йилги мавсумдан бери УЕФА ва Европа лигасининг плей-оффларида «Вилярреал» бош мураббийи Унаи Эмери ўйинларининг 84 фоизида (31/37) ғалаба қозонди. Бу Зинедин Зидандан кейинги энг яхши натижадир.

«Вилярреал»нинг «Ювентус» ва «Бавария» устидан қозонган ғалабаларида ҳал қилувчи омиллардан бири бу уларнинг ҳимояси самарали ва тартибли ҳаракатланишларидир. Испанияликлар ҳимоя борасида мустаҳкам эрсалар-да, ливерпулликлар турнирда энг кўп гол урган жамоалардан бири бўлиб туришибди. «Ливерпул» максимал натижага эришишга интилишлари, «Вилярреал» эса имкон қадар ўйинни совитишга ҳаракат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг