Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сречко Катанец нима учун Ўзбекистон терма жамоаси аввалги жаҳон чемпионатларига чиқа олмаганини очиқлади

Ўзбекистон миллий жамоаси эртага ЖЧ-2026 саралаши, учинчи босқичи доирасида КХДРга қарши ўз майдонида учрашув ўтказади. Ушбу баҳс олдидан миллий жамоа бош мураббийи Сречко Катанец ва ҳужумчи Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Дастлаб Сречко Катанец ўз фикрларини билдириб ўтди.

Таркиб ҳақида
Эртага бўладиган ўйинга ҳамма нарса тайёр, таркиб масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Кеча ўтказилган машғулотда кўрдимки, барча ўйинчилар майдонга тушишга шай бўлиб турибди. Албатта қайсидир футболчида етарлича ўйин амалиёти бор, бошқасида камроқ. Мураббий сифатида мендан талаб қилинадиган нарса – футболчиларнинг ҳолатидан келиб чиқиб таркиб танлаш.

Рақиб ҳақида
КХДР кучли жамоа ва мен бу рақибга ҳурмат билан қарайман. Чунки улар олдинги босқичда бошқалардан устун келишди ва бунисига ўта олишди. Шундай экан, уларга нисбатан бошқача қараш учун менда ҳеч қандай сабаб йўқ. Биз рақибни фақат ҳурмат қиламиз.

Ўртоқлик ўйинлари ўтказилмагани ҳақида
Айни вақтда КХДР билан бизнинг ўртамиздаги фарқ шундаки, улар учрашувга тайёргарлик кўриш учун етарлича ўқув-машғулот йиғини ўтказишди ва иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Биз эса вазият тақозоси билан тўғридан-тўғри майдонга тушишимиз керак.

Аммо мен бу ҳолатдан нолимайман, биз уч йилдан бери бир жамоа бўлиб ҳаракат қилиб келмоқдамиз ва бир-биримизни аъло даражада яхши биламиз. Йигитлар эртага майдонга тушадилар ва ғалаба учун борларини берадилар.

Ортиқча мотивация
Баъзан мотивация ҳаддан ортиб кетиши ҳам муаммоларга олиб келади. Биз ўзимизга савол бериб кўришимиз керак – нима учун Ўзбекистон терма жамоаси олдин жаҳон чемпионатига чиқа олмаган? Чунки ортиқча босим ҳам зарар келтириб қўяди. Биз мундиалга чиқиш учун яхши иш олиб боряпмиз ва шундай ишлашда давом этишимиз керак. Бу босқичда кучсиз рақиб бўлмайди ва ҳар бир учрашув катта аҳамиятга эга.

КХДР ўтказган ўйинлар ҳақида
КХДРни ўрганиш учун бизда етарлича материаллар бор эди, бу – ўтган босқичдаги расмий ўйинлар ва охирги иккита ўртоқлик учрашуви. Албатта биз уларни таҳлил қилиб чиқдик, аммо бир нарсани айтишим лозим – бу рақиб ҳақида кўп нарса айтиш жуда қийин. Чунки ўйиндан ўйинга таркиби ўзгариб бораверади. Масалан, ўртоқлик ўйинларида ҳам тўрт нафар янги ўйинчини синовдан ўтказишди.

Албатта КХДРнинг ўйин услубини тахмин қилиб кўриш мумкин, улар кўпроқ ҳимоявий ўйин кўрсатишади ва қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам биз рақибга эмас, ўзимизга кўпроқ эътибор беришимиз керак. Биз КХДРдан кучлироқмиз, биз шу майдоннинг эгаси, хўжайинимиз ва эртага бўладиган ўйинда шуни исботлаш қолди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг