Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугун ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги турига старт берилади: ҳали кўп жамоаларда имконият бор

Бугун ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги турига старт берилади: ҳали кўп жамоаларда имконият бор

Бугун оқшом Европа футбол стадионларида Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги тур ўйинларига старт берилади.

Ноябрнинг 1-санасида «А», «В», «С» ва «D» гуруҳларида жами 8 та ўйин ўтказилади.

«В» гуруҳи

Ўзбекистон вақти билан соат 22:45 да «В» квартети курашга киришади: «Байер» (Германия) «Брюгге» (Белгия)ни, «Порту» (Португалия) «Атлетико» (Испания)ни қабул қилади. Белгияликлар ва португаллар тегишли равишда 10 ва 9 очкодан тўплаб, ЕЧЛ 1/8 финалини нақд қилиб қўйишган. Мадридликлар (5) ва леверкузенликлар (4) ўртасида Европа лигаси йўлланмаси учун қаттиқ жанг кечиши аниқ.

Қаерда кўриш мумкин?

  • «Порту» — «Атлетико»: Sport ва МатчТВ (22:45)
  • «Байер» — «Брюгге»: Yoshlar ва Матч Футбол1 (22:45)

Асосий ўйинлар тунги соат 01:00 да бошланади (Европа қишки вақтга ўтгани учун соатлар ўзгарган).

«А» гуруҳи

«А» гуруҳида «Ливерпул» «Наполи»ни қабул қилса, «Аякс» «Рейнжерс» меҳмони бўлади. Неаполликлар (15) ва мерсисайдликлар (12) вазифани уддалаб бўлишган, голландлар (3) ва шотландлар (0) эса еврокампанияни давом эттириш имкониятини берувчи 3-ўрин учун курашишади.

Қизиқ, шу пайтгача 5 ўйиннинг барчасини ғалаба билан якунлаган «Наполи» 100 фоизлик натижа учун бор кучини ташлармикан ёки янада муҳимроқ ўйинларга куч асрармикан?

«Аякс» ва «Рейнжерс» ўйинида мўъжизагина глазголикларни қутқара олади. Жамоаларни 3 очколик фарқ ажратиб турибди, бироқ ғалаба ҳам шотландларга етарли бўлмаслиги мумкин: биринчи ўйинда улар амстердамликларга 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйишган.

Қаерда кўриш мумкин?

  • «Ливерпул» — «Наполи»: Sport ва МатчТВ (01:00)
  • «Рейнжерс» — «Аякс»: (телеканалларимизда жонли эфир кўзда тутилмаган, 01:00)

«С» гуруҳи

«Ўлим гуруҳи» дея сифатланган «С» гуруҳига қизиқиш аллақачон ўлиб бўлди. Ҳаммаси ҳал бўлган: «Бавария» (15 очко) — 1-ўрин, «Интер» (10) — 2-ўрин, «Барселона» (4) — 3-ўрин, «Виктория» (0) — 4-ўрин. Сўнгги ўйинлар ўртоқлик мақомида.

«Бавария» худди «Наполи» каби олтита ғалаба учун ҳаракат қилиши мумкин, «Интер»га энди очколар қизиқмас, фақат шаъни учун курашади. «Барселона» Чехияда «Виктория» меҳмони бўлади: Хави шогирдларида кетиш олдидан «эшикни тепиб ёпиш» имконияти бор.

Қаерда кўриш мумкин?

  • «Бавария — «Интер»: Yoshlar ва Матч Футбол1 (01:00)
  • «Виктория» — «Барселона»: Mahalla ва Матч Футбол2 (01:00)

«D» гуруҳи

Курашларнинг энг зўри «D» гуруҳида: «Марсел» «Тоттенҳэм»га қарши, «Спортинг» «Айнтрахт» билан майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашади.

6-тургача бу гуруҳда на плей-оффчи, на аутсайдер аниқланди: биринчи ва охирги жамоаларни атиги 2 очко ажратиб турибди. Ҳар бир жамоа, ҳатто сўнгги ўриндаги «Марсел» (6) ҳам яхши имкониятга эга. Марселликлар бунинг учун ўз майдонида гуруҳ етакчиси «Тоттенҳэм» (8)ни енгиши шарт.

«Спортинг» (7) ва «Айнтрахт» (7)ни фақат ва фақат ғалаба қониқтиради. Агарда бу жамоалар дуранг ўйнаб, французлар инглизларни таслим эта олса, квартетдаги вазият остин-устун бўлиб кетади. Учта жамоа ҳисобида 8 тадан очко бўлади, шунда қўшимча кўрсаткичлар (урилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати, ўзаро ўйинлар) ҳисобга олинади.

Қаерда кўриш мумкин?

  • «Марсел» — «Тоттенҳэм»: Dunyo bo‘ylab ва Матч Футбол3 (01:00)
  • «Спортинг» — «Айнтрахт»: O‘zbekiston ва Матч Игра (01:00)

Эртага, шанба куни ЕЧЛнинг яна тўрт гуруҳида 8 та ўйин ўтказилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг