Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси: етакчи 10 жамоа (эркаклар)

Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси: етакчи 10 жамоа (эркаклар)

Бугун, 9 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида якунига етган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси чемпионликни қўлга киритгани ҳақида хабар бергандик.

Мамлакатимиз вакиллари турнирда ҳақиқий сенсация кўрсатишди: биронта ҳам ўйинда мағлубиятга учрашмади — 8 ғалаба, 3 дуранг, жами 19 очко тўплашди. Бу Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон олимпиадаларидаги илк ғалабаси.

Мамлакатимиз вакиллари билан бир хил — 19 очко тўплаган Арманистон терма жамоаси кумуш медалларни қўлга киритди. Арманлар 9-турда айнан вакилларимиздан мағлубиятга учраб етакчилик мавқеидан маҳрум бўлишганди.

Ҳиндистон-2 (иккинчи терма жамоаси) 16 ёшли Доммаражу Гукешнинг кучли иштироки натижасида 3-ўринни эгаллади (18 очко). 8 ўйинда қаторасига ғалаба қозонган Гукеш ҳал қилувчи баҳсда қўпол хатога йўл қўйиб, ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторовдан мағлубиятга учради.

Ҳиндистон-1 (биринчи терма жамоаси), АҚШ ва Молдова тўртинчи, бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллади (17 очкодан).

Эътиборга молик яна бир воқеа — бугунги чемпионлик ғалабасини таъминлаган Жаҳонгир Воҳидов турнирнинг энг яхши 4-тахта ўйинчиси, деб топилди:

1-тахта: Доммаражу Гукеш (Ҳиндистон, 2867)
2-тахта: Ниҳал Сарин (Ҳиндистон, 2774)
3-тахта: Дэвид Ҳоуэл (Англия, 2898)
4-тахта: Жаҳонгир Воҳидов (Ўзбекистон, 2813)
Захира: Матеуш Бартел (Полша, 2778)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг